«Саҳро кемалари» – мўл даромад келтиради

Нурота ҳақида гап кетса, унинг мўъжизакор чашмалари, зилол булоқлари, пурвиқор тоғларию узумзор боғлари кўз ўнгимизга келади. Аслида эса, бу гўша кенг дашту далалари ва яйловлари билан ҳам маълуму машҳурдир. Нуроталик Рўзи бобонинг туялари ўша яйловларнинг эгасидек бўлиб қолган. Билсангиз, туяларни биров боқиб, назорат қилиб юришга ҳожат йўқ. Яна энг афзал жиҳати, туя емиш танламас экан, уларнинг ошқозони ҳар қандай дағал озиқани ҳам қийинчиликсиз ҳазм қила оларкан.

Туянинг жуни ўзига хос тузилишга эга бўлиб, қаҳратон совуқдан, жазирама иссиқдан сақлаш ва танадаги сувнинг тери орқали буғланишининг олдини олиш хусусиятига эга. Жазирама иссиқда туянинг тана ҳарорати 41 даражагача кўтарилиб, терлаши секинлашади. Бу, ўз навбатида, туя танасидаги сувнинг ортиқча сарфланишининг олдини олади. Туя оёқлари қумликда юришга мослашгани сабабли қумда эркин ва тез ҳаракатлана олади. Шунинг учун ҳам уларни «саҳро кемалари» деб аташади.

Туя бор жойда янтоқ кўпаяди. Туялар табиий ўсимликлар ва уларнинг уруғлари билан озиқланиб, ўт-ўланларнинг бошқа ҳудудларга тарқалишига «ёрдам» беради. Мутахассисларнинг аниқлашича, ўсимлик уруғларининг туя ошқозонидаги ферментлар таъсирида унувчанлиги ортади ҳамда яйловда янтоқ кўпайишига олиб келади. Туянинг биологик хусусиятларидан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг бепоён саҳро ва ярим саҳро ҳудудларида туячиликни кенг ривожлантириб, кам харажат эвазига яхшигина даромад олиш мумкин.

– Туялар милоддан икки минг йиллар аввал хонакилаштирилган, – дейди Рўзи бобо. – Улар, асосан, қуруқ чўл ва даштларда, яйловларда яшашга мослашган бўлиб, сувсизликка ўта чидамли. Шу боис ота-боболаримиз қадимдан туялардан узоқ масофаларга боришда, юк ташишда кенг фойдаланишган. Ҳозир менинг ўнта туям бор. Асосан, уларнинг жуни ва сутидан даромад қиламан. Аслида, бир ўркачли туялар гўшт-сут олиш учун кўпроқ боқилади, икки ўркачли туялардан эса гўшт-жун олиш самаралироқ. Бир ўркачли туяларнинг тирик вазни 300–350 килограмм бўлиб, йилига ўртача 2000–2500 литр сут бериш хусусиятига эга бўлса, икки ўркачлиларнинг тирик вазни 450–500 килограммгача етади. Туя сути таркибидаги ёғ миқдори ўртача 3,5 фоизни ташкил этади. Урғочи туялар икки йилда бир марта болалайди.Сут бериш даври 18 ой давом этади. Серсут туяларни бир кунда 4–5 марта ҳам соғиш мумкин.

Туя жунидан белбоғ. Рўзи бободан туяларнинг жуни, уни қирқиш қоидалари ҳақида ҳам сўрадик. У кишининг айтишича, туяларнинг жуни ҳар йили бир марта – баҳор фаслида қирқилади. Икки ўркачли туялардан 5–10, бир ўркачлиларидан 3–4 килограммгача жун қирқиб олинади. Туя жуни енгил саноат учун қимматбаҳо хомашё ҳисобланади. Белгиланган технологик жараёнлар асосида ювиб қуритилган туя жунидан маҳсус белбоғлар тайёрланади. Ушбу белбоғлардан бел оғриғи касаллигига қарши фойдаланиш мумкин. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ундан кигиз тайёрлайди. Туя жуни иссиқликни ўтказмаслик хусусияти юқорилиги сабабли, бугунги кунда кўрпа ва адёл каби халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда кенг қўлланилмоқда. Туя сути турли ёғ, В гуруҳ дармондорилари ҳамда микро ва макроунсурларга бой бўлиб, ундан шифобахш ичимликлар тайёрланади.

Туя сутидан тайёрланган ичимликлар инсоннинг нафас олиш аъзолари учун фойдалидир. Шу билан бирга ошқозон-ичак тизими  фаолиятини яхшилайди. Туя гўштидан истеъмолдан ташқари, консерва ва дудланган колбасалар тайёрлаш мумкин. Шу жиҳатдан туячилик яхшигина даромад манбаидир.  Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.