СЕКТОРЛАР: Масъулият ва самара

СЕКТОРЛАР: Масъулият ва самара

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Оғабек Акмал ўғли» фермер хўжалигида ўтказилган амалий семинар ғалла ўрим-йиғими, ғўзадан мўл ҳосил тўплаш, такрорий экинлар етиштириш ва сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан соҳага алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда эълон қилинган “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида амалга ошириладиган вазифалар хусусида фикр алмашилди.
– Бугунги шароит деҳқондан, аввало, оқилона ва тажрибага таяниб иш юритишни талаб этмоқда, – дейди “Оғабек Акмал ўғли” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Эшматов. – Хусусан, фермер ва деҳқонлар жорий йилги экин мавсу¬мида ўзига қанча миқдорда сув кераклигини тахминан билиши, кутилаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда қайси экинларни экиш, қачон ва қай тарзда суғориш режасини аниқ белгилаб олиши ниҳоятда муҳимдир. Агар тўғри тадбирлар қўллаб, исрофгарчиликнинг олдини олсак, тежамкор технологиялардан фойдалансак, кўзлаган натижаларга эришишимиз осон кечади.
Бундай шароитда ғўза қатор ораларига ишловни сифатли ўтказиш, культиваторлардан юқори даражада самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашиш муҳимлиги таъкидланди.
Бугунги салқин кунлар эса зараркунандалар кўпайишига ҳам омил бўлиши мумкин. Шу сабабли зараркунанда ва турли касалликларга қарши мутахассису пахтакор биргаликда тадорик кўриши талаб этилади.
Суғориш “шарбат” усули маҳаллий ўғитнинг фойдасидан келиб чиқади. Маълумки, маҳаллий ўғит сув буғланишини камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширади, намликнинг узоқ сақланишини таъминлайди. Буларнинг барчаси иқлим инжиқликларини юмшатишда муҳим омил бўлади. Шунингдек, тадбир давомида ғўзани елим шланглар орқали суғориш ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тадбир сўнггида бугун далада меҳнат қилаётган сувчиларга 4-сектор раҳбари томонидан махсус иш кийимлари ва ёритгичлар тарқатилди.