Сигирларда катта қорин касалликлари

Картинки по запросу корова

Катта қорин ацидози

Бунда катта қорин суюқлиги муҳитининг кислоталик томонга ўзгариши билан характерланиб, ҳайвонлар асосан ёз ва куз фассларида касалланади.

Ҳайвонлар томонидан (сули, арпа, буғдой, макка сўтаси), қанд лавлаги, картошка, тарвуз, олма каби ширали озуқалар кўп миқдорда истеъмол қилинганда кузатилади. Ҳайвонлар ҳосилдан бўшаган майдонларда боқилганда касаллик ёппасига кузатилиши мумкин.

Ҳайвон бунда озуқа қабул қилишдан тўхтайди, гипотония ва кейинчалик атония кузатилади. Умумий ҳолсизланиш кучайиб боради, гавда мускулларининг қалтираш кузатилади. Ҳайвон тез-тез ва суюқ тезаклайди. Оғир ҳолларда ҳайвон бошини кўкрагига қуюб ётиб қолади.

Касаллик келганда катта қоринни 1% ли ош тузи ёки 2% ли натрий гидрокарбонат эритмалари билан ювиш ва 1-2 литр соғлом ҳайвондан олинган катта қорин суюқлигини ичириш яхши натижа беради. Касалликнинг бошланишида касал ҳайвонга 100-150 г натрий гидрокарбонатни 500-1000 мл сувда эритган ҳолда ичириш мумкин. Ош тузининг гипертоник эритмалари қўлланилади. Касалликнинг олдини олишда ҳайвонларга таркибида кўп миқдорда углеводлар сақловчи озуқаларни меъёрдан ортиқ даражада берилишига йўл қўймаслик керак.

Катта қорин алкалози 

Муҳитнинг (рН) ишқорий томонга ўзгариши оқибатида катта қорин девори ҳаракатининг бузилиши (гипотония, атония), унинг озуқа массаси билан тўлиб қолиши билан ўтади.

Катта қорин алкалози кўп миқдорда азот сақловчи қўшимчалар (карбомид) берилганда кузатилади.

Шунингдек, касаллик ҳайвонларга кўп миқдорда дуккакли ўтлар, нўхат-арпа аралашмаси ва бошқа оқсилга бой озуқалар берилганда ва узоқ муддат ош тузи берилмаганда ҳам кузатилиши мумкин.

Карбомиддан заҳарланган ҳайвонда безовталаниш, тишларни ғичирлатиш, сўлак оқиши ва полиурия кузатилади. Кейинчалик, ҳолсизланиш, ҳаракат мувозанатнинг бузилиши ва ҳансираш кучайиб боради. касал ҳайвон озуқа қабул қилишдан тўхтайди, катта қориннинг атонияси, ҳолсизланиш ва уйқусираш, оғиздан қўланса ва чириган ҳид келиши, баъзан катта қориннинг дамлаши кузатилади, тезак суюқлашади.

Касал ҳайвонга кислоталарнинг кучсиз эритмалари, маслан, 6% ли сирка кислотасидан 200 мл, 40л совуқ 5% ли сирка кислотасидан аралаштириб, зонд ёрдамида катта қоринга юбориш мумкин. Алкалозни даволашда катта қоринни ювиш ва соғлом ҳайвондан олинган катта қорин суюқлигидан ичириш самарали усул ҳисобланади. Катта қорин алкалозни даволашда туз ҳолидаги сурги дориларни қўллаш мумкин эмас.

Олдини олишда азот сақловчи қўшимчалар ва оқсилли озуқалардан оқилона фойдаланиш,рациондаги қанд-протеин нисбатининг оптимал даражада (1,25:1) бўлишини таъминлаш лозим.

Катта қорин тимпанияси

Бу касаллик газлар ҳосил бўлишининг кучайиши ва чиқарилишининг қийинлашиши ҳисобига катта қоринда газларнинг тўпланиб қолиши, қорин деворининг таранглашиши билан тавсифланади.

Осон бижғийдиган озуқаларнинг кўп миқдорда берилиши тимпаниянинг асосий сабаби ҳисобаланади. Бундай озуқаларга янги ўрилган яшил ўтлар, кўк беда, сут давридаги макка сўтаси, карам барги ва лавлаги киради. Айниқса, бир жойда тўпланиб ва қизишиб қолган кўк озуқалар хавфли ҳисобланади.

Ҳайвонларни ёмғирдан кейин ёки шудринг тушган пайтларда яйловларда боқиш ёки уларга яшил озуқалар берилгандан кейин суғориш кўпинча тимпания ривожланишига олиб келади.

Касалликнинг бошланишида безовталаниш, қўрқиш ҳолати,озуқа ейишдан тўхташ, қоринга қараш, букчайиб туриш, думни ўйнатиш, кучаниш, тез-тез ётиб туриш ва кейинги оёқлар билан қоринга тепиниш белгилари кузатилади. Нафас зўриққади, бир дақиқа 60-80 мартагача ошади.

Чап оч биқин кучли кўтарилган бўлиб, кавш қайтариш ва кекириш тўхтайди. Катта қориннинг қисқариши аввалига кучайиб, кейинчалик сустлашади ва бутунлай йўқолади.

Даволаш тезлик билан тўпланиб қолган газларни чиқариб юбориш ва газ ҳосил бўлишини тўхтатишга қаратилиши лозим. Ҳайвоннинг олдинги томони бироз баландга қилинади ва чап оч биқин соҳасига совуқ сув қуйилади. Катта қоринга зонд юборилиб, чап томондан катта қорин соҳаси чуқур массаж қилинади.

Юқоридаги муолажалар ёрдам бермаганда катта қорин троактор ёки катта диаметрли игналар ёрдамида ччап томондан оч биқинда бел умуртқасидан 5-7 см пастдан тешилади ва газлар аста-секинлик билан чиқарилади. Троактор гилзаси ёки 10-20 мл аммиак суви 500 мл сув билан ичирилиши мумкин. Ошқозон олди бўлимларидаги бижғиш жараёнларини тўхтатиш учун 2% ли ихтиол эритмасидан 1 литр ёки тимпанол препаратидан 160-200 мл 2 литр сувга аралаштириб ичирилади.

Олдини олишда молбоқарлар орасида тез бижғийдиган озуқаларни бериш тартиби, бир хилдаги озиқлантириш типидан бошқасига ўтказиш, зарурият туғилганда биринчи шошилинч ветеринария ёрдамида кўрсатиш тартиблари тўғрисидаги тушунтириш ишлари олиб борилади.