Сигирларда травматик ретикулит ва ретикулоперитонит

Тўрқориннинг ва қорин бўшлиғи аъзоларининг турли хил ўткир метал жисмлар билан жароҳатланиши бўлиб, йирингли жараёнларнинг ривожланиши билан характерланади. Кўпинча қорамоллар ва баъзан қўй ва эчкилар касалланади.

Ички аъзоларнинг травматик жароҳатланишига озуқалар билан ўткир метал жисмларнинг ютиб юборилиши сабаб бўлади. Бунда озуқани шошиб қабул қилиш, уни яхшилаб чайнамаслик, қорамолларда оғиз бўшлиғи шиллиқ пардаси сезувчанлигининг паслиги, тил сўрғичларининг ҳалқумга кўра жойлашиши асосий этиологик омиллар бўлиб ҳисобланади.

Кавшовчиларда ҳазм аъзоларнинг травматик ҳарохатланишида ошқозон олди бўлимларининг  ўзига хос тузилиши, тўрқорин ҳажмининг кичиклиги ва унда кўпинча ёт жисмларнинг тўпланиб қолиши, унинг шиллиқ пардасининг катакчасимон тузилиши ҳам катта аҳамиятга эга.

Травматик ретикулит ва ретикулоперитонитни келиб чиқишида озуқаларни метал жисмлар бўлаклари, сим, мих, механизмларнинг қисмлари ва бошқа ферромагнит жисимлар билан ифлосланиши, яйловлар ва молхоналар атрофларига чиқиндиларнинг ташланиши, фермалар санитария ҳолатининг ёмонлиги асосий этиологик омиллар ҳисобланади. Яширин ҳолда кечаётган тўрқориннинг ёт жисмлар билан жароҳатланиши озиқлантириш режимининг тўсатдан ўзгартирилиши, ҳайвоннинг бехосдан ҳаракатланиши ва туғиш пайтларида ўткир тус олиши мумкин.

Травматик касалликларнинг клиник намоён бўлиши тўрқориндаги метал жисмларнинг характерига боғлиқ бўлади.  Озуқа билан биргаликда ютиб юборилган ёт жисмлар кўпинча тўрқоринда ва баъзан катта қоринда ушланиб қолади. Тўрқоринда кўп миқдорда ўтмас ёт жисмлар тўпланиб қолганда тўрқорин девори айтарли даражада жароҳатланмайди ва ошқозон олди бўлимларининг сурункали гипотонияси ривожланади. Ёт жислмар     ўткир бўлса, тўрқориннинг қисқариши, қорин пресси ва диафрагманинг ҳаракати туфайли тўрқорин шиллиқ пардасига (деворий ретикулит), катакчалар девори варақчаларига (варақчали ретикулит) санчилади ёки тўрқорин деворини бутунлай тешиб ўтади (перфоратив ретикулит). Касалликнинг ўткир тус олишида маҳсулдорликнинг кескин камайиши қайд этилади.

Қатқориннинг кейинги қисқаришлари туфайли ёт жисм атрофдаги аъзоларни жароҳатлайди, диффуз ёки маҳаллий ретикулоперитонит ривожланишига сабаб бўлади. Ёт жисмнинг ҳаракатланиши ва яллиғланиш жараёнларининг ривожаланишига кўра, ретикулоперикардит, ретикулоомазит, ретикулостернит ёки ретикулогепатит ривожланиши мумкин. Яширин ҳолда кечаётган тўрқориннинг ёт жисмлар билан жароҳатланиши озиқлантириш режимининг тўсатдан ўзгартирилиши, ҳайвонларни узоқ масофага ташалиши, бўғозликнинг очирги даврлари ва қийин ўтадиган туғиш пайтида ўткир тус олиши мумкин.

Тўрқорин ва унинг атрофида жойлашган аъзоларнинг ёт жисмлар билан жароҳатланишида иштаҳани пасайиши ёки йўқолиши, гипотония ва атония, периодик тимпания, кавш қайтаришни йўқолиши каби характерли клиник белгилар кузатилиши мумкин. Касал ҳайвон кам ҳаракат қилади, букчайиб туради.

Бўйнини олдинга чўзиб, олдинги оёқларини қорнига яқинроқ қўяди, тирсаклар ташқарига чиқиб туради. Охисталик билан ётади., ўрнидан туришда биринчи гавдасининг олдини кўтаради (отларга ўхшаш). Бу вақтда тана ҳарорати кўтарилади, елкада терини бурмага олиш оғриқли бўлади. Шиллиқ пардаларнинг кўкимтир рангда бўлиши характерли бўлади. Касаллик кўпинча ўлим билан тугайди.

Консерватив даволашда асосий мақсад яллиғланиш жараёнининг тарқалишини чегаралаш ва кейинчалик эса бузилган функцияларни тиклашдан иборат бўлиши керак. Бу мақсадда касал ҳайвон олдинги томони 20-30 см баланд қилинган полда, тинч ҳолатда сақланади. 1-2 кун оч қолдирилади. Кейинчалик, камдан -кам енгил ҳазмланувчи озуқалар, сабзи, атала, сенаж берилади.

Ўсимлик мойлардан ичирилиб турилади.

Вена қон томирига глюкоза эритмалари юборилади, 350 мл 25% ли спирт ичирилади.

Тана ҳарорати кўтарилганда ва сепсис жараёнларнинг ривожланиши эҳтимоли бўлганда қорин бўшлиғи пенициллин ва стрептомицин (3 млн. ТБ дан) аралашмаси 10 мл 1-3% ли новокаинда эритилиб юборилади. 5% ли норсульфазол эритмасидан 500 мл ёки 20 г фталазол 2% ли эритма ҳолида кунига 1-2 марта ичирилади. Антибиотикларни (окситетрациклин гидрохлорид) юқори дозаларда қўлланилиши ҳам яхши самара бериши мумкин.

Ветеринария амалиётида С.Г. Меликсетян тавсия этган магнитли зонд қўлланилади. Кейинги йилларда А.В.Коробов ва бошқалар томонидан тавсия этилган ЗМУ-1 такомиллаштирилган магнитли зонди., И.А.Телятников зондлари қўлланилмоқда.

Магнитли зондларни қўллашдан олдин ҳайвон бир сутка давомида тўлиқ оч қолдирилиб, бу вақт давомида сув бериш чегараланмайди. Зонднинг магнитли бошчаси тўрқоринда 1 саотгача ва ундан кўп вақт давомида қолдирилади. Эҳтиёж туғилганда зонд иккинчи марта юборилади.

Юқорида таъкидлаб ўтилган даволаш муолажалари самара бермаганда руминотомия ўтказилиб, тўрқориндаги санчилган ёт жисм олиб ташланиши мумкин.

Касалликнинг олдини олиш тадбирлари озуқаларни тайёрлаш, сақлаш ва қайта тайёрлашда уларга ёт метал жисмлар аралашиб қолишининг олидини олиш, яйловлар, ферма территорияси, озуқалар сақланадиган майдонларни метал жисмлар ва механизмларнинг қисмларидан тозалаб туриш, озуқаларни ҳайвонларга едиришдан олдин электромагнитли мосламалардан ўтказиш, ҳайвонларда модда алмашинуви бузилишларини олидини олиш, магнитли ҳалқалар ва зондлардан фойдаланиш, чорвадорлар орасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш билан чорвачилик маданиятини ошириш каби тадбирлардан иборат бўлади.

Бугинги кунда магнитли ҳалқалардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган бўлиб, уларни ҳайвонлар катта қорнида тўриши озуқа билан тушган ферромагнит жисмларни ўзига ёпиштириб олади ва қорин деворини жароҳатланишдан сақлайди. Магнитли ҳалқаларни вақти-вақти билан магнитли зондлар ёрдамида олиш ва тозалаб, яна катта қоринга ташлаш мумкин.