Спермани суюлтириш ва музлатиш. Ҳайвонларни сунъий уруғлантириш усуллари

Похожее изображение

Спермани суюлтиришнинг аҳамияти шундан иборатки, қимматбаҳо зотли наслдор ҳайвонлардан узоқ муддатларда фойдаланиш имконияти туғилади, сперманинг ҳажми кўпайтирилиб, битта наслдор ҳайвондан олинган сперма ёрдамида бир қанча урғочи ҳайвонлар уруғлантирилади. Масалан, 1 йилда 1 та буқадан олинган сперма ёрдамида 1,5-2,5 минг сигирни, 1 та қўчқордан олинган сперма билан 3-5 минг қўйни, 1 та эркак чўчқадан олинган сперма билан – 300-400 она чўчқани уруғлантириш мумкин.

Спермани суюлтириш билан сперматозоидлар фаол ҳолатдан анабиоз ҳолатига ўтказилади ва шу орқали уларнинг яшовчанлиги узайтирилади. Сперматозоидларни организмдан ташқи муҳит шароитида хаётчанлиги узайтирилади, чунки қўшимча жинсий безлар суюқлиги қисман синтетик бирикмалар билан алмаштирилади, бунинг натижасида сперматозоидлардаги заҳарли моддалар миқдори камаяди.

И.И.Иванов биринчи маротаба спермани суюлтириш учун суюлтиргич сифатида физиологик эритмадан фойдаланган, лекин 0,9%-ли натрий хлорид эритмаси спермани суюлтириш учун яроқсиз бўлиб чиққан, чунки эритманинг солиштирма оғирлиги уруғнинг солиштирма оғирлигидан паст, шунинг учун ҳам сперматозоидлар тез коагуляцияга учрайди. Физиологик эритмада рН 5,6-6,2 ва ундан кам бўлади ва шунинг учун дистиллаган сув ва хаводаги карбонат ангидрид газини ўзига ютиб, сперматозоидларнинг қобиғи бузилади.

Кейинчалик, қўчқор спермасини суюлтириш учун  глюкоза-фосфат (ГФО), айғирлар спермаси учун глюкоза сульфатли (ГСЛ), эркак чўчқалар учун глюкоза-тартат (ГТС), қуёнлар учун глюкоза-тартат (ГТКР), итлар учун глюкоза-тартат (ГТСО) каби суюлтиргичлар яратилган.

1927 йилда К.Н.Крижинковский ва Г.Н.Павловлар сперматозоидлар яшовчанлигини ошириш мақсадида суюлтиргичлар таркибига тухум сариғи ва лецитин аралаштиришни тавсия этган.

ХХ асрнинг биринчи ярмидан бошлаб глюкоза-цитрат тухум сариғи суюлтиргич тайёрланиб, ундан ҳозирги пайтда ҳам кенг фойдаланилмокда.

Спермани суюлтириш учун қўлланиладиган ҳамма бирикмалар кимёвий тоза, заҳарли томонлари текширилган бўлиши ва суюлтириш учун албатта дистилланган сувдан фойдаланиш керак. Чунки унда ишқорли бирикмалар бўлмайди, шунинг учун ҳам сперматозоидларнинг қобиғини бузмайди. Спермани суюлтириш учун ҳар бир янгидан олинган компоненталар айниқса, антибиотиклар, биологик назоратдан ўтказилиши шарт, акс ҳолда салбий таъсир этиб, сперматозоидларни нобуд қилиши мумкин.

Суюлтиргичлар таркибига қўшиладиган глюкоза сперматозоидларнинг ҳаёти ва унинг ҳаракати учун энергия манбаи ҳисобланиб, сперматозоидларнинг хаётчанлигини оширади. Бундан ташқари фруктоза, сахароза ёки гликокол қўлланилади. Буқа ва қўчқорлар спермаси сақланган пайтда моддалар алмашинуви натижасида сут кислотасидан заҳарли моддалар ҳосил бўлади. Бунда сперматозоидлар протоплазмасини бузилиши ва уни ўтказувчанлик қобилиятининг пасайтирмаслик мақсадида буқа ва қўчқорлар учун суюлтиргичларга лимон кислотаси (цитрат) қўшилади, бу эса сперма учун табиий ҳолат ҳисобланиб, унда рН 7,8-8,0 га тенг бўлади.

Айғир ва эркак чўчқалар уруғининг плазмаси кўп миқдорда туз сақлайди, шунинг учун уларнинг спермасини суюлтиришда лимон кислотаси қўшилмайди ёки жуда ҳам кам миқдорда қўшилади. Уруғ хужайрасига ташқи муҳит шароити, айниқса ҳарорат салбий таъсир этади. Ташқи ҳарорат паст бўлса (+180С дан) уруғ хужайраси шок ҳолатига тушади ёки ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам бу ҳолатдан сақлаш учун товуқ тухумининг сариғидан фойдаланилади. Тухум сариғида 7% гача лицетин бўлиб, сперматозоидлар учун озиқа манбаи ҳисобланади, шу билан бир қаторда сперматозоид протоплазмасидаги липидларни парчаланишдан сақлайди.

Баъзи олимлар (В.К.Милованов ва б.) эркак эчки ва буқалар спермасини суюлтириш учун суюлтиргичларга окситоцин, карбохолин ва бошқа  препаратларни қўшишни тавсия этганлар. Уларнинг фикрича, бу моддалар бачадонни қисқаришини кучайтириб, сперматозоидларнинг оталантириш қобилиятини оширади. Лекин бу фикр тўлиғича тасдиқланмаган.

Сперманинг суюлтиришдан олдин уни баҳолаш ва суюлтиргичга эътибор бериш керак. Буқа ва қўчкор спермасини суюлтиришда унинг фаоллиги 8, эркак чўчқалар – 7, айғирларда – 5 баллдан паст бўлмаслиги керак. 1 мл спермадаги сперматозоиднинг миқдори қўчқорларда – 2, буқаларда – 0,5, эркак чўчқа ва айғирларда – 0,15 млрд. дан кам бўлмаслиги керак.

Суюлтиргични баҳолаш учун, тоза зарарсизлантирилган буюм ойнасига бир томчи текширилган сперма ва унинг устига эса 2-3 томчи суюлтиргич томизилади, ёпқич ойна ёпилиб, микроскоп остида текширилади. Агарда сперматозоидларнинг ҳаракати паст бўлса суюлтиргич яроқсиз ҳисобланади. Буқадан янги олинган уруғни баҳолангандан сўнг, уруғ йиғгичда 1:1 ёки 1:2 нисбатда суюлтирилади.

Одатда буқалар уруғи 10 (1:9) ёки 15 (1:14) марта суюлтирилади. Италия ва Англияда 1:20, 1:50, ГДРда 1:25 марта суюлтирилмоқда. Қўчқорларнинг спермаси 2 (1:1), 4 (1:3), эркак чўчқаларники эса 2 (1:1), 4 (1:3) марта суюлтирилади. Суюлтирилган уруғлар зарарсизлантирилган бир маротаба ишлатиладиган полиэтилендан  тайёрланган ампулалар, пробирка, флаконлар ёки шиша банкаларда оғзи мустаҳкам ёпилган ҳолда сақланади.

Наслдор эркак ҳайвонлардан сперма олиниб, баҳолангандан кейин 5-10 дақиқадан кечиктирмасдан суюлтириш лозим. Суюлтиргичлар бевосита ишлатишдан олдин ёки 3-4 соат олдин қайнатиб қўйилган дистилланган сувда тайёрланади.

Спермани суюлтириш учун синтетик суюлтиргичларнинг рецептлари, миқдори   ва сифат кўрсаткичлари жуда хилма-хил бўлиб, ҳайвоннинг тури ва спермани сақлаш услубига боғлиқ бўлади. Аксарият ҳолларда тухум сариғи қўшилган суюлтиргичлар қўлланилади. Унинг таркибига глюкоза, лактоза, асал, гликокол, глицерин, калий  фосфат, хелатон (трилон-Б), натрий бикарбонат, магний сульфат, лимон кислотаси, калай хлорид, аммоний сулъфат, натрий цитрат, сут, товуқ тухуми сариғи ва бактериостатик моддалар (пенициллин, стрептомицин, оқ стрептоцид, спермасан-3) қўшилади. Барча моддалар ГОСТ бўйича тоза, нормал намликда бўлиши керак. Товуқ тухуми юқумли касалликлардан ҳоли бўлган хўжаликлардан олинган ва яхши сифатли бўлиши лозим.

Суюлтиргич таркибига қўшиладиган компонентларнинг ҳар бири маълум бир биологик вазифани бажаради. Масалан, қандлар сперматозоидларга электролитларнинг салбий таъсирини бартараф этади, сперматозоидларни электр зарядини йўқотишдан сақлайди (агглютинацияга йўл қўймайди) ва гликолиз ҳамда нафас олиш учун заҳира модда сифатида сарфланади. Товуқ тухумининг сариғида 7% гача оксидланган лейцитин бўлиб, 0 – +3°С ҳароратда сперматозоидларни совуқ уришидан сақлайди.

Натрий цитрат буферлик хусусиятига эга бўлиб, сперматозоидларни моддаларнинг парчаланиши натижасида ҳосил бўлган кислотали маҳсулотлар билан ўз-ўзини заҳарлашидан (азгеоинтоксикациядан) сақлайди.

Антибиотиклар ва сульфаниламидлар микроорганизмларни ривожланишдан тўхтатади. Глицерин ёғи эса спермани музлатиш пайтида сперматозоидларни жароҳатловчи омил, яьни суюқликнинг кристалланишига йўл қўймайди.

Буқа, айғир, эркак, чўчқа ва бошқа наслдор ҳайвонлар учун янги соғиб олинган сигир сути суюлтиргич сифатида тавсия этилган. Н.Н.Михайлованинг фикрича, сигирдан янги соғиб олинган сут буферлик қобилиятига эга бўлиб, уруғ хужайрасига салбий таъсир этмайди, унинг муҳити бачадон шилимшиқ моддасининг муҳитига яқин. С.Ксензенконинг фикрича сут яхши суюлтиргич ҳисобланиб, у сперматозоидлар хаётчанлигини узайтиради ва оталантириш қобилиятини оширади, шунинг учун ҳам 00С ҳароратда 7 суткагача сақлаш мумкин. Сутли суюлтиргичдан фойдаланилганда тухум сариғи-цитрат суюлтиргичини қўллаганга қараганда сигир ва бияларнинг оталаниши юқори бўлган. Г.В.Зверева суюлтиргични тайёрлашда қуруқ сутдан ҳам фойдаланиш мумкинлигини таъкидлайди, бунинг учун 10 грамм қуруқ сут 100 мл дистилланган сувда эритилади. Бу усул ҳозирда Англияда кенг қўлланилмоқда.

Н.Т.Плишко томонидан эркак чўчқалар уруғини суюлтириш учун глюкоза-хелато-цитрат ва глюкоза-хелато-цитрат-сульфатли суюлтиргичлар тавсия этилган. (таблицадан кўрсатиш керак).

Муаллифнинг таъкидлашича, хелатон спермада модда алмашинуви жараёнларини пасайтириб, спермийлар яшовчанлигини узайтиради ва улар акросомаси ва қобиғини бузилишдан сақлайди. Микроорганизмларни ривожланишдан тўхтатади, айримларига бактериолитик таъсир кўрсатади.

А.В.Квасницкий чўчқаларни фракцион усулда уруғлантиришда бир неча муҳитларни тавсия этган.  Улар сперма юборилгандан кейин юборилиб, бачадон шохларини тўлдиради. Шунинг учун улар «тўлдирувчилар» – деб аталади: Глюкоза – тузли муҳит (30 г глюкоза, 4,5 г NaCl 1 л дистилланган сув); Тузли муҳит (9 г NaCl + 1 литр дистилланган сув); Сутли муҳит (қаймоғи олинган сигир сути).

Болгария олимлари (Балатанов, Силаев, Иосифов, Стоянов) айғир, буқа ва қўчқорлар спермаси учун асалли суюлтиргични тавсия этади. Бунинг учун 7%-ли асал эритмаси ишлатилади. Қўчқор ва буқалар спермаси учун суюлтиргичлар таркибига фосфатлар ва сульфатлар қўшилса, уларнинг сифатини оширади.

И.Н.Скоткин ва П.П.Печников айғирлар учун қуйидаги таркибли суюлтиргични тавсия этади: дистилланган сув – 100 мл, асал – 10,0, бўр – 0,5, тухум сариғи – 0,75%.

Ўзбекистонда Н.Я.Алиев (1965) қўчқорлар спермасини суюлтириш учун 7%-ли асал суюлтиргичини тавсия этди. Таркиби: Асал-тухум сариғи – цитрат суюлтиргич: 100 мл – дистирлланган сув, 7 г – асал, 15 мл – тухум сариғи, 1,2 г – бўр (мухитни нейтраллаш ва сперматозоидлар ҳаракатчанлигини пасайтириш учун). Сперматозоидларнинг оталантириш қобилияти 77,8-78,0% ни ташкил этади.

Суюлтиргичларни тайёрлашда тоза шиша идишларга рецепт бўйича ўлчаб олинган моддаларни солиб, устига керакли миқдорда дистилланган   (қайнатилган) сув қуйилади ва тўлиқ эриб кетгунча чайқаб турилади. Муҳит 5-10 дақиқа давомида сув ҳаммомида қайнатилиб зарарсизлантирилади ва +35-40°С гача совитилади, кейин унга антибиотиклар, товуқ тухумининг сариғи ва глицерин ёғи қўшилади.

Сутли суюлтиргични тайёрлаш учун янги соғилган сут тоза докадан ўтказилиб, шиша ёки эмалланган идишда 940С гача қиздирилади. Иккинчи марта докадан ўтказилиб, 30-35°С гача совитилади. Сутга синтетик суюлтиргичларга қўшиладиган миқдорда товуқ тухумининг сариғи, антибиотиклар ва оқ стрептоцид қўшилади. Агар сутли муҳитда суюлтирилган сперма (+2-4°С да) сақланмасдан ишлатиладиган бўлса тухум сариғидан қўшиш шарт эмас.

Спермани суюлтириш техникаси. Сперматозоидлар муҳит шароитларининг ўзгаришига ниҳоятда сезгир бўлиб, уларни «ҳарорат шоки»дан сақлаш мақсадида муҳит ҳамда сперманинг ҳарорати бир хил бўлиши керак. Шу мақсадда муҳит солинган идиш сув ҳаммомида, 30-35°С гача иситилади. Шу билан бир вақтда олинган сперма суюлтирилгунга қадар аста-секин суюлтиргичнинг ҳарорати даражасигача совитилади. Суюлтиргич спермага оз-оздан қўшилиб, секин аралаштирилади. Суюлтирилгандан сўнг сперманинг фаоллиги албатта микроскоп остида текшрилади. Сперматозоидларнинг ҳаранатчанлиги кескин пасайган тақдирда суюлтирилган сперма ишлатишга яроқсиз ҳисобланади ва суюлтиргич қайтадан тайёрланади.

Спермани суюлтириш даражаси. Сперматозоидларнинг концентрацияси ва фаоллигига қараб буқалар спермасини 10-50 марта (кўпинча 10 марта) суюлтириш мумкин. Бунда суюлтирилган спермани сақлаш услубидан қатъий назар унинг ҳар дозасида камида 10 млн. тўғри чизиқ бўйлаб илгарилама ҳаракат қилувчи сперматозоидлар бўлиши керак.

Қўчқорнинг спермаси 2-4 марта суюлтирилади, унинг ҳар дозасида сперматозоидлар концентрацияси 80 млн. бўлиши, айғир ва чўчқалар спермаси 2-4 марта суюлтирилади (ҳар бир дозада сперматозоидлар 3 млрд).

Спермани чуқур музлатиш технологияси.   Спермани суюқ азотда узоқ муддатларда сақлаш натижасида наслчилик ишлари яхшиланади, ҳамда яхши баҳоланган наслдор  ҳайвон спермаси билан бир неча минг урғочи ҳайвонлар уруғлантирилади. Буқалар спермаси суюқ азотда Дъюар асбобида -1960С ҳароратда 25 йилдан 100 йилгача сақланмоқда.

Буқалар спермаси ўз асосий хусусиятини йўқотмаган ҳолда узоқ  сақлаш учун суюқ азотда – 1960С ҳароратда музлатилади. Натижада спермада моддалар алмашинуви жараёнлари пасаяди.

Спермани совутиш ва музлатишда ҳарорат минус -1960С дан паст бўлмаслиги керак, муздан тушириш ва қайта музлатишда ҳароратнинг ўзгариб туришида спермалар ўз сифатини йўқотиб, уруғлантириш учун яроқсиз бўлиб қолади.

1897 йилда биринчи марта И.И.Иванов томонидан айғирларнинг спермасини (-150С) ҳароратда музлатиш тавсия этилган. 1948 йилда И.В.Смирнов айғир, қуён, буқа ва қўчқорлар спермасини -790С ҳароратда қаттиқ углеродда, -1830С ҳароратда суюқ кислородда музлатиб, алюминдан ясалган пакетларда сақлашни тавсия этди.

Буқа спермасини музлатиш ва узоқ муддатга сақлаш   учун махсус аппаратлар ва стационар сақлагичлар (КВ-6202 кабилар) кўлланилади. Буқалар спермаси второпласт тахтачасида гранулалар шаклида, қобиқли гранулалар ва полипропиленли сомончалар (пайетталар) шаклларида музлатилади.

Спермани   фторопласт тахтачаларда гранулалар шаклида музлатиш. Буқа слермаси сперматозоидларнинг керакли концентрациясигача глицерин қўшилган лактоза ва тухум сариғидан тайёрланган муҳитда суюлтирилади (лактоза – 11,5г, тухум сариғи – 20 мл, глицерии – 5 мл,  спермосан – 3-50 минг ТБ). Сперма суюлтирилгач +2-4°С ҳароратгача совитилиб, мослаштириш (эквилибрация) учун 3-4 соат сақланади. Ундан кейин сперматозоидларнииг фаолиятини текшириб, музлатиш учун баҳоси 8 баллдан паст бўлмаган сперма ишлатилади. Кейин эса совитилган фторопласт тахтачаларига 0,2 ёки 0,5 мл.дан (чуқурчалар ҳажми) солиб чиқилади. Фторопласт тахтачалари суюқ азотга солиниб азот қайнамай қолгунга қадар музлатилади. Тахтача ушлагич билан идишнинг устки чегарасигача кўтарилади. Унинг устидан суюқ азот парланиб кетгач, қуруқ стерил пахтали тампон билан артилади, кейин сперма белгиланган пипеткалар, шприц ёки қуйиш  машинаси ёрдамида чуқурчаларга қуйиб чиқилади. Шу вақтда тахтача -160-179оС ҳароратга эга бўлади. Сперма гранула кўринишида қотгандан сўнг бир неча дақиқа ўтгач, тахтачани суюқ азот юзасидан 5-10 см юқорида 1-2 дақиқа давомида сақлаб сперма музлатилади. Шундан кейин сперма гранулалари бор тахтача 1 дақиқага суюқ азотга ботирилади. Сўнг тахтача чиқариб олиниб, музлатилган гранулалар алоҳида совитилган контейнерга солиниб, суюқ азот солинган Дъюар идишига ўтказилади.

Спермани   қобиқли гранулалар шаклида музлатиш (Осташко бўйича) учун янги олиниб, №1  ва №2 муҳитларда суюлтирилган сперма ишлатилади. №1муҳит: 11%-ли лактоза ёки сахароза эритмаси – 63 мл, тухум сариғи – 30 мл, глицерин – 7 мл; №2-муҳит: лактоза ёки сахароза – 6 г, натрий цитрат – 1,4 г, глицерин – 5 мл, дистилланган сув  – 100 мл.

№ 1 муҳит билан сперма 1:1 нисбатда суюлтирилиб, 5-10 дақиқа хона ҳароратида сақланади. Кейин сперма керакли концентрацияга мослаштирилиб (1 дозада сперматозоидлар сони 15 млн.) яна №2 муҳит билан суюлтирилади. Спермани суюлтириш махсус мослама ёрдамида бажарилади. Бу мослама суюлтиргичдан сперма олингач, бир марта ишлатиладиган полиэтиленли сперма қабул қилгичнинг керакли қисмига ва кераклича миқдорда қўшиш имконини беради. Сперма қабул қилгич   қалинлиги 120 мкм, диаметри 3,8-4 мм бўлган полимер найчага уланиб, унга суюлтирилган сперма босим остида юборилади. Сперма тўлдирилган найча ПРЖ автомати ёрдамида 0,25-0,ЗЗ мл ҳажмли дозаларга бўлиниб, термик пайвандлаш йўли билан герметик ҳолда маҳкамланади. Гранулалар алюмин тубалар (тюбик)га жойлаштирилади, оғзи пролон тиқинлар билан бекитилиб, эквилибрация қилиш ва музлатиш учун махсус аппаратнинг ҳалқаларига (обойма) маҳкамланади. -2-5°С ҳароратда 4-6 соат давомида эквилибрация қилингандан сўнг, аппаратнинг ҳалқаси тюбиклар билан бирга суюқ азот солинган идишга 8-10 дақиқага туширилади. Кейин эса сперма сифатини баҳолагунга қадар суюқ азотга тўлиқ ботирилади.

Сперматозоидларнинг фаоллиги 24 соатдан кейин текширилади. Сақлаш муддатини давом эттириш учун сперманинг фаоллиги 4 баллдан паст бўлмаслиги лозим.

Спермани найчаларда (пайетта шаклида) музлатиш учун ҳажми 0,25 мл бўлган полипропилен найчалар ишлатилади. Ҳар бир пайеттада камида 15 млн. фаол сперматозоидлар бўлиши кераклигини ҳисобга олган ҳолда сперма лактоза-фруктоза-рафиноза-глицерин-тухум сариғи-магнийли муҳит билан суюлтирилади.

Спермани 0,25 мл қилиб қадоқлаш учун найчаларни автоматик равишда тўлдирувчи ва уларни иккала томондан ҳам стерил шарчалар билан маҳкамловчи машина ишлатилади. Шарчалардан бири тиқин-поршен вазифасини бажарса, иккинчиси герметик ҳолда маҳкамлайди.

Уруғни пайеталарда 0,5 мл дан музлатиш учун Франциянинг «Эйир Ликид» фирмасида ишланган асбоблардан фойдаланилади.

Сўнъий уруғлантириш пунктларига ва хўжаликларга буқаларнинг музлатилган спермаси йилига 2-4 марта келтирилиб, эҳтиёжга қараб ишлатилади. Сперма сақланадиган идишлар ҳар ойда бир марта суюқ азот билан тўлдирилиб турилади. Музлатилган спермани ишлатиш вақтидан жуда эрта эритиш ва қайтадан музлатиш мумкин эмас. Музлатилган сперма фаоллиги бир кундан кейин ва 7-10, 14-20 кун ўтгандан кейин текширилади.

Музлатилган уруғни эритиш. Хўжаликларда музлатилган сперма 2,9 фоизли натрий цитрат эритмасида эритилади. Битта гранула битта ампулада суюлтирилади. Музлатилган уруғни идишдан олиш учун конистр буғзининг қуйи чеккасидан кўтариш керак. Канистр ичидаги тюбикдан совутилган стерил пинцет ёрдамида керакли миқдорда гранула олинади ва эритмали стерил флаконга +36-400С даражали сув ҳаммомида солинади. Гранулани чиқариб олиш фақат бино ичида тез бажарилиши керак. Гранулаларни Дъюар идиши конистрларига унча кўп бўлмаган миқдорда (бир неча канистрга 20-30 донадан) солиш керак. Бундай қилишдан мақсад уруғларнинг бутун бир партиясини бузилиб қолишдан сақлаш. Сигир ва таналарни сунъий уруғлантириш учун фаоллиги 4 баллдан паст бўлмаган спермалар ишлатилади.

Суюқ азот билан ишлашда техника ҳавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш зарур. Суюқ азот тананинг очиқ жойларига тушса куйдириши мумин. Шунинг учун қўлқоплар ва ҳимоя кўзойнаклари билан ишлаш лозим. Терига суюқ азот тушса, тезда сув  билан ювиб ташлаш лозим.

Совитилмаган идишга суюқ азот солаётганда унинг ичига қараш мумкин эмас, чунки кўп миқдорда газ ҳосил бўлиб, суюқ азотнинг отилиб чиқиши эҳтамоли бор. Ишлатилаётган, суюқ азот солинган идишнинг оғзини маҳкам ёпиш мумкин эмас, акс ҳолда парларнинг тўпланиши натжасида портлаш юз бериши мумкин. Ташилаётган вақтида Дьюар идши ағдарилиб кетмаслиги  учун яхши ўрнатилиб боғлаб қўйилади.

Ҳавода азот концентрацияси меъёридан ошса бош оғриғи, бош айланиши ва ҳатто бехушлик кузатилиши мукин. Шунинг учун сунъий уруғлантириш пунктларида суюқ азот яхши вентеляцияга эга бўлган алоҳида хоналарда сақланади ва бу ерга бегона кишиларнинг кириши ман этилади.

Урғочи ҳайвонларни сунъий уруғлантириш усуллари. Урғочи ҳайвонларни сунъий уруғлантириш вақти, мартаси ва самарадорлиги кўп даражада спермани айнан ўз вақтида юборишга боғлиқ. Сунъий уруғлантириш жинсий мойиллик вақтида, яъни овуляциядан олдин, унинг бошланишига яқин ўтказилса, унинг самараси юқори бўлади.

Сигир, бия, қўй, эчки ва чўчқаларда фолликулаларнинг овуляцияси  жинсий мойилликнинг охирида ўз-ўзидан содир бўлади. Ана шу вақтда уларда эркак ҳайвонларга нисбатан ижобий реакция, кўшилишга тайёрликни билдирувчи «ҳаракатсизлик рефлекси» яққол намоён бўлади. Қўёнлар ва туяларда эса овуляция чақирилиши керак, яъни фолликулаларнинг ёрилиши учун жинсий алоқа руй бериши зарур. Бунинг учун вазэктомия қилинган эркак ҳайвонлардан фойдаланилади. Хонаки паррандаларда тухум хужайралари бутун тухум қўйиш даври давомида   спонтан равишда ҳосил бўлаверади.

Урғочи ҳайвонларни сунъий уруғлантиришда уларнинг барча физиологик хусусиятлари ҳисобга олиниши зарур.

 

 

Сигир ва ғуножинларни сунъий уруғлантириш усуллари.

Бачадон буйни каналига сперма юборишнииг учта усули мавжуд: визо-цервикал, мано-цервикал ва ректо-цервикал.

Қин ойнаси орқали шприц-катетр билан уруғлантириш визо-цервикал усул деб аталади. Бунда ёритгич ўрнатилган қин ойнаси ва турли конструкциядаги шприц-катетрлар қўлланилади.

Қин ойнаси ва шприц-катетр ишлатишга тайёрлангач, ҳайвоннинг жинсий лаблари тоза илиқ сувда совинлаб ювилиб, фурациллиннинг 1;5000 нисбатли эритмаси билан яхшилаб намланади ва пахта билан артиб қуритиш орқали уруғлантиришга тайёранади.

Қинга юборишдан олдин қин ойнаси ҳарорати 38-40°С бўлган физиологик эритма билан намланади. Сигирни уруғлантириш учун илиқ шприц-катетрга олдиндан фаоллиги текширилган спермадан етарли миқдорда олинади. Қин ойнаси ёпиқ ҳолда бир қўлга олиниб, пастдан юқорига қаратилган ҳолатда секин қинга юборилади. Юбориш вақтида қин ойнасининг дастаси ён томонга қаратилган бўлиши керак. Ойна қинга юборилгандаи кейин дастаси пастга туширилади ва бачадоннинг бўйни кўринадиган даражада очилади. Агар қин ойнаси совуқ бўлса ва қўполлик билан юборилиб, жуда катта очилса қиннинг деворлари чўзилиб сигирда кучаниш юзага келади ва оқибатда спермани юбориш мумкин бўлмай қолади ёки сперма бачадон буйинчасидан тўлиқ қайтиб чиқади.

Бир қўл билан қин ойнаси очиқ ҳолатда тутилиб, иккинчи қўл билан катетр бачадон буйинчаси каналига 4 см чуқурликка юборилади, бироз орқага тортилиб, кейин поршенга оҳиста босилиб сперма юборилади. Шундан сўнг шприц-катетр чиқариб олинади. Кейин қин ойнасининг дастаси ён томонга қилиниб шохлари ёпилади ва секин қиндан чиқариб олинади.

Ректо-цервикал уруғлантириш усули. Ушбу усулда бир марта ишлатиладиган полимер асбоблар – узунлиги 40 см бўлган полистерол катетри бўлган полиэтилен ампула, полиэтилен кўлқоп стерил ҳолда қўлланилади. Уруғлантиришдан олдин бир марта ишлатиладиган пипетка солинган пакетнинг бир учи спиртли тампон билан артилиб, стерил қайчи билан қирқилади, пипетканинг учдан бир қисми чиқарилиб ампула, шприц ёки балонча ўрнатилади, кейин пипетка тўлиқ чиқариб олинади ва шу заҳоти пипетканинг олинган жойи, пакетнинг қирқилган жойи кичик аланга устида пайвандланади. Пипеткага ампула ёки флакондан сперма олинади.

Уруғлантириш мосламаси тайёр бўлгач, қуйидаги ишлар бажарилади: чап қўлга қўлқоп кийилиб илиқ сув  билан намланади ва ташқи жинсий лаблар очилади. Иккинчи қўл билан пипетка сийдик чиқариш каналига туширмаслик учун қиннинг устки девори бўйлаб юборилади. Кейин қўлқоп кийилган кўл тўғри ичакка юборилади, бачадоннинг ҳолати аниқланади ва бачадон бўйни массаж қилинади ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқлар билан фиксация қилинади. Бачадон бўйнининг тешиги катта бармоқ билан пайпаслаб топилади ва унга пипетка тушгач, айланма ҳаракат билан бўйинча пипеткага тортилади (6 см). Ампула ёки поршенни секин босиб сперма юборилади. Кейин ампула сиқилган ҳолатда қиндан ва қўл эса тўғри ичакдан секин чиқарилади. Сигир уруғлантирилгандан сўнг бир марта ишлатиладиган асбоблар ташланади.

Жинсий аъзоларда патлогик ҳолатлар ёки бўғозлик аниқланса ҳайвонни уруғлантириш мумкин эмас. Ушбу ўзгаришлар фақат ректо-цервикал усулда уруғлантиришда аниқланиши мумкин. Ичак деворлари таранглашган пайтда бачадон бўйинчасини ушлаб бўлмайди. Бунда тўғри ичакнинг қисқариши унинг шиллиқ пардасини сийпалаш билан сусайтирилади.

Мано-цервикал уруғлантириш усули фақат сигирларни уруғлантириш учун қўлланилади. Бу усулда сперма қўл (мaнус – қўл) билан бачадон бўйинчаси каналигача юборилади. Бунда ҳам бир марта шлатиладиган асбоблардан   фойдаланилади (ампула,  пипетка, қўлқоп).

Спермани юборишдан олдин сигирнинг ташқи жинсий аъзоларига одатдаги услубда ишлов берилади. Термосдан ампула олиниб спиртли тампон билан ишланади ва секин силтанади, қопқоғи кесилиб, текшириш учун иситилган буюм ойнасига бир томчи сперма томизилади. Кейин ампуланинг кесилган учига стерил катетр уланади. Қўлга қўлқоп кийилиб илиқ сувда намланади. Қўл секин қинга киргизилиб, 1-15 дақиқа бачадон буйни массаж қилинади. Бачадон бўйинчаси қисқара бошлагач, у ердаги шилимшиқ чиқарилади ва қўлни қиндан тўлиқ чиқармасдан иккинчи қўл билан уруғлантириш учун тайёр ҳолдаги ампула узатилади. Катетр катта ва кўрсаткич бармоқлар билан ушланиб, қўл бачадон бўйинчаси томон суртилади ва катетр кўрсаткич бармоқ назоратида цервикал каналга 1,5-2 см юборилади. Бачадон бўйнини массаж қилиш билан кафт ёрдамида катетр каналга тўлиқ (7 см) киргунча аста итарилади. Кейин ампула 2-8 см юқорига кўтарилиб, бачадон бўйинчаси бўшашган пайтда бармоқлар билан қисилиб сперма юборилади. Сперма юборилгандан сўнг, ампулани бўшаштирмаган ҳолда катетр чиқарилиб қиннинг тубига қўйилади ва бачадон бўйинчаси яна 2-3 дақиқа массаж қилинади. Қиннинг қаттиқ қисқариши оқибатида спермани қайтиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида асбобни кўлга олиб қиндан секин чиқариш лозим.

Қайси усулда уруғлантирилишидан қатъий назар ҳайвон жинсий мойилликнинг охиригача боғлаб сақланади ва 12 соат вақт ўтказилиб иккинчи марта уруғлантирилади.

Қўй   ва   эчкиларни   сунъий уруғлантириш. Қўй ва эчкилар ҳам худди шундай цервикал яьни суюлтирилган ёки суюлтирилмаган спермани бачадон бўйни каналига юбориб уруғлантирилади. Асосан янги олинган ва суюлтирилмаган, фаоллиги 8-10 балл, сперматозоидлар концентрацияси 2 млрд/мл бўлган спермалар ишлатилади. Уруғлантиришнинг бир дозаси 0,05мл. Янги олинган сперма ташқи ҳароратнинг ўзгаришига жуда сезгир бўлади. Шунинг учун уруғлантириш фақат ҳарорати 18-25°С бўлган хонада ўтказилади.

Суюлтирилган (2-3 марта) ва +2-40С ҳароратгача совитилган спермани 24 соат ичида ишлатиш зарур, унииг дозаси 0,1-0,15 мл бўлиб, ундаги фаол сперматозоидлар сони камида 80 млн. бўлиши керак. Жинсий мойиллиги эрта тонгда аниқланган қўй шу заҳоти ва 24 соатдан сўнг иккинчи марта уруғлантирилади. Ораси 8-12 соат интервал билан икки марта уруғлантириш яхши натижа беради.

Эчкилар уруғлантириш мавсуми давомида мойилликни бир текисда намоён этмайди. Мойиллик ёппасига намоён бўладиган кунларида уларни бир кунда икки марта, эрталаб ва кечқурун ажратиб, эрталаб аниқланган эчкиларни биринчи марта 3-4 соатдан кейин, кечқурун аниқланган эчкиларни эса эртаси куни тонгда уруғлантирилади. Такроран 8 соатдан кейин уруғлантирилади.

Қўйларни сунъий уруғлантириш учун турли конструкциядаги шприц-катетрлар, шприц-яримавтоматлар ва совлиқлар учун катта ва тусоқлар учун кичик қин ойналари ишлатилади.

Уруғлантиришдан олдин микрошприцга дозаловчи мослама ўрнатилади ва унинг бегуноги (резбали темир мурват) поршенни босганда 0,05 мл сперма чиқарилишига мулжаллаб қўйилади. Шприц-яримавтоматлар дастасида дозаловчи яримавтомат мослама бўлиб, ричагни ҳар босганда 0,05 мл сперма чиқиши таьминланади.

Шприц-катетр ва қин ойнасини ишга тайёрлагандан кейин қўйни станокга қўйиб, жинсий лаблари фурациллиннинг 1:5000 нисбатли эритмаси шимдирилган пахта билан ишланади. Натрий бикарбонатнинг 1%-ли эратмасига намланган қин ойнаси қинга юборилади. Қин ойнасини қинга юбориш услуби сигирларга юборишдан фарқ қилмайди. Шприц-катетрнинг учи қин ойнаси орқали бачадон буйинчаси каналига 2-8 см чуқурликка юборилади. Кейин қин ойнаси орқароққа тортилади ва бош бармоқ билан поршенга босилиб сперма юборилади. Қиндан аввал шприц, кейин қин ойнаси чиқарилади. Ҳар бир уруғлантиришдан кейин қин ойнаси ювилиб, зарарсизлантирилади. Шприц-катетрлар эса олдин ташқи томондан дока салфетка, кейин 96%-ли спирт шимдирилган тампон билан артилади. Бунда катетрнинг учига спирт тушмаслиги керак. Шприц бегуногини яна бир доза сперма белгисига ўтказилиб навбатдаги қўй уруғлантирилади. Ишни тугатгандан кейин қин ойнаси, микрошприц ювилади, зарарсизлантирилади ва шкафда сақланади.

Тусоқларда қин тор бўлса  шириц-катетрни бачадоннинг буйнигача юбориш қийинлиги туфайли уларда сперма қинга юборилиб уруғлантирилади. Қин ойнаси қўлланилмаганда шприц-катетр қиннинг устки девори бўйлаб бачадон буйнининг устига қадалгунча юборилади. Кейин бироз орқага тортилиб, бош бармоқ билан микрошприц поршенига босилиб сперма бачадон буйинчасининг устига қуйилади. Уруғлантиришнинг ушбу усули жуда оддий ва тез бажарилади, ҳамда жинсий аъзолар жароҳатланмайди. Лекин сперманинг дозаси цервикал усулда уруғлантиришга қараганда 2-3 баробар кўпайтирилади.

Уруғлантирилган совлиқларнинг энсасига белги қўйилади ёки улар алоҳида отарга ажратилади. Шу қўйлар отарига 10-12 кундан кейин искаб топар қўчқорлардан қўшилиб, айрим қўйларда такрорий мойиллик бўлса аниқланади. Эчкиларда шундай текшириш улар уруғлантирилгандан 5 кун ўтгач бажарилади. Уруғлантириш пункти ўз ишини якунлагандан 30-40 кун кейин сунъий уруғлантиришдан оталанмай қолган қўйларни эркин уруғлантириш мақсадида отарга қўчқорлар кўйиб юборилади.

 

 

  1. БЧИда ишлаб чиқилган усулда суюлтирилган сперма ҳайвоннинг 1 кг тана вазнига 1 мл ҳисобида юборилади. Аммо сперманинг ҳажми 150 мл.дан ошмаслиги керак. Спермани юбориш учун полиэтилендан тайёрланган ПОС-5 асбоби ишлатилади. Асбоб 150 мл ҳажмли юпқа деворли флакон ва бурама қопқоқли, бириктирувчи муфтали катетрдан иборат.

Уруғлантиришда совуқ ҳароратдаги сперма ишлатилса чўчқаларнинг жинсий аъзоларидан сперманинг деярли ҳаммаси қайтиб чиқиши мумкин. Шунинг учун бевосита уруғлантиришдан олдин сперма солинган флаконлар 8-10 дақиқа сув ҳаммомида 38-40°С ҳароратгача иситилиши лозим. Кейин сперматозоидлар фаоллиги микроскопда текширилади. Флаконлар иситилган ҳолатда термосга,  эарарсизлантирилган катетрлар эса стерил полиэтилен чехолларга солинади.

Уруғлантириш олдидан ҳайвоннииг ташқи жинсий аъзолари фурациллин эритмаси (1:5000) билан ишланади. Флаконнинг қопқоғи очилиб, унинг ўрнига катетрли қопқоқ ўрнатилади. Кейин сперма солинган мослама чўчқанинг қинига катетр тиралгунга қадар юборилади. Флаконнинг остини оқорига қилиб кўтарилиб, сперма ўз оқими билан очиқ бўйинчаси орқали бачадонга қуйилади, спермани бачадонга қуйилишни тезлаштириш мақсадида флаконни секин сиқиш мумкин. Сперма қиндан қайтиб чиқадиган бўлса бачадон бўйинчаси бўшаб очилгунга қадар сперма юбориш тўхтатиб турилади. Сперма босқичма-босқич 5-6 дақиқа давомида секин юборилади. Уруғлантиришни тугатгач, катетр жинсий аъзолардан эҳтиётлик билан чиқариб олинади.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт