Сунъий уруғлантириш ёки қочириш

Чорва молларини қочириш усуллари

Чорва моллари асосан икки хил – табиий ва суниъй усулда қочирилади. Табиий усул яна иккига: эркин ҳолда (ёки подада) ва қўлда қочиришга бўлинади. Эркин ҳолда ёки подада қочириш анча тартибсиз бўлади. Бунда қайси урғочи бир эркак молдан, қачон қочганлиги номаълум бўлади. Айрим ҳолларда юқумли жинсий касалликлар тарқалиши ҳам кузатилади. Ҳисоб ишлари олиб борилмайди. Бу усул асосан моллар подада, яйлов шароитида боқилганда қўлланилади. Бунда ҳар бир буқа йил мобайнида 30-40 та сигирни қочириши режалаштирилади.

Қўлда қочириш усули қисман самаралироқ бўлади. бунда урғочи моллар олдиндан танланган эркакларидан қочирилади ва қочган куни махсус журналга ёзиб қўйилади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки,ҳар бир урғочи ҳайвон қайси эркакдан ва қачон қочганлиги маълум бўлади. Бинобарин, ҳисоб ишларини ҳам олиб бориш мумкин. Лекин иқтисодий томондан бу усул унча қулай эмас, чунки эркак молларни сақлаш, парвариш қилиш ва озиқлантиришга анчагина маблағ сарфланади.

Сунъий уруғлантириш

Чорва молларини бу усулда уруғлантириш ҳамма томондан муҳим аҳамиятга эга. Масалан, юқор кўрсаткичга эга, сермаҳсул ва асл эркак вакилларидан унумли фойдаланиш, гигиена жиҳатдан озода бўлиш ва қисқа вақт ичида кўп миқдордаги урғочи молларни сунъий уруғлантириш мумкин.

Бу усулнинг яна бир афзаллиги қисир қолишнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки бунда уруғ (сперма)нинг сифати ҳамма вақт назорат қилиб борилади.

Уруғ сифатига кўра тўртта бўлинади:

1-гуруҳ уруғ қуюқ бўлиб, Қ ҳарфи билан белгиланади. Микроскопда қаралганда сперматозоидлар жуда зич бўлиб, улар орасидаги бўшлиқ деярли сезилмайди.

2-гуруҳ ўртача қуюқликдаги уруғ бўлиб, Ў ҳарфи билан белгиланади. Бунда спермотозоидлар оралиғидаги бўшлиқ уларнинг узунлигидан ортиқ бўлади.

3-гуруҳ сийрак уруғ ҳисобланади ва С ҳарфи билан белгиланади. Бунда сперматозоидлар оралиғидаги бўшлиқ уларнинг узунлигидан ортиқ бўлади.

4-гуруҳ уруғда сперматозоидлар жуда оз миқдорда бўлади ёки бутунлай бўлмайди. Бундай уруғ чорвачиликда ишлатилмайди. Лекин таркибида озроқ бўлса ҳам, ҳаракатчан сперматозоидлардан ташкил топган айрим ҳолларда чўчқаларни қочиришда фойдаланиш мумкин.

Совлиқлар фақат қуюқ уруғ билан уруғлантирилади. Сигирлар эса қуюқ ва ўртача уруғ билан уруғлантирилади. Уруғларни суюлтириб ишлатиш мумкин. Бунда синтетик суюлтирилгичлардан фойдаланилади. Суюлтиргич уруғни узоқ вақт сақлаш даврида сперматозоидлар учун қўшимча озиқ муҳити ҳисобланади. Бундан ташқари, суюлтиргичлар уруғнинг  сифатини, ҳаракатланиш хусусиятини ва уруғлантириш даражасини яхшилайди,унинг таркибида бўлган сунъий уруғлантириш станциялари ва пунклтларида бир неча рецепт асосида тайёрланган қўшилмалардан фойдаланилади. Улардан бири қуйидагича тайёрланади: 100 мл дистилланган сувга 3 г сувсиз медицина глюкозаси, 1.4г натрий цитрат, 16 мл янги товуқ тухумининг сариғи аралаштирилади. Бунга маълум миқдорда стрептоцид, пенициллин, стрептомицин қўшилади. Бу борада буқаларнинг уруғи 10 мартагача суюлтирилиши мумкин. Шундай қилиб, суюлтирилган уруғ мухзоналарда нол даражада совутилади ва икки уч кун мобайнида сигирларни уруғлантириш мумкин бўлади.

Хозирги вақтда уруғларни узоқ вақт сақлаш учун улар музлатилади. Шунингдек, кўп миқдорда глицерин ҳам қўшилади. Уруғлар 20-21 градус совуқда сақланади. Айрим ҳолларда 78 градус совуқда сақлаш ижобий натижа берган. Бундай уруғлар тўрт ойгача, баъзан ундан ҳам узоқ сақланганда ҳам ҳаётчанлигини йўқотмаганлиги аниқланган.

Сигирларни уруғлантириш учун 1.5 мл уруғ (сперма) етарли ҳисобланади. Бир марта уруғлантирилган сигирларни орадан 12 соат ўтгач, иккинчи марта қўшимча уруғлантириш ижобий натижа беради.
Сўнгги йилларда уруғни жуда узоқ вақт сақлаш учун 196 градус совуқдан қуруқ музда ёки суюқ азотда сақлаб текшириб кўрилмоқда. Шу усулда уруғни бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ёки бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга олиб бориб фойдаланиш мумкин. Уруғлантиришдан олдин уруғни бир шаҳардан иккинчи мамлакатга олиб бориб фойдаланиш мумкин. Уруғлантиришдан олдин уруғни ампулар 38-40 градусли иссиқ сувда 2-3 дақиқа сақланади, эритилади ва уруғнинг сифати микроскопда текшириб кўрилади.

Ҳайвонларни уруғлантириш хоналари мумкин қадар озода, ёруғ ва барча гигиена талабларига мос бўлиши, уруғлантириш учун барча асбоб-ускуналар етарли бўлиши талаб этилади. Бу прогрессив усул ҳозирга вақтда республикамиздаги барча фермер хўжаликларида, айниқса, наслчилик фермер хўжаликларида, чорвачилик комплексларида кенг қўлланилмоқда.    Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт