“ТОМОРҚА – ДАРОМАД МАНБАИ”

Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши ННТ томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, қишлоқларда оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида қатор янги лойиҳалар ташкил этиб келинмоқда.

Жумладан, “Томорқа – даромад манбаи” шиори остида тажрибали фермер, деҳқонлар, олимларни кенг жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалигига қизиққан ёшлар ва ёш фермерлар учун ўтказилаётган  маҳорат дарслари ҳам томорқа хўжаликларининг ривожлантириш, бу орқали  одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга, қўшимча даромад манбаларига эга бўлишга, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришишга, оилаларнинг моддий таъминотини яхшилашга ва энг муҳими аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шундай тадбирлардан бири Андижон вилоятидаги “Rash-Milk” масъулияти чекланган жамиятида вилоятнинг 100 нафар ёш фермерлари ва 50 га яқин соҳага қизиқувчи ёшлар иштирокида ташкил этилди.

Маҳорат дарсиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ва унинг мохияти юзасидан давра суҳбати билан бошланди.

Тадбир давомида, ёш томорқачи Отабек Қўчқоров сўзга чиқиб Президентимиз томонидан устувор вазифалардан бири қилиб белгиланган, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича танқидий-таҳлилий ва зарурий тавсиялардан катта хулоса олганлигини такидлади.

–Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда томорқадан барчамиз самарали фойдаланмоқдамиз дея олмаймиз. Президентимиз белгилаб берган вазифалар барчамиз учун катта хулоса бўлиши, ердан унумли фойдаланиш ва уни туганмас даромад манбаи сифатида дунёқарашимизни бутунлай ўзгартиришимиз керак, – деди у.

Дарслар давомида,  соҳанинг тажрибали фермерлари, Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўқитувчилари ва “Rash-Milk” МЧЖ раҳбари Рахмиддин Мирзаевлар иштирокида ёшлар учун тморқалардан унумли фойдаланиш, фермер хўжалиги ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятини кенгайтириш юзасидан назарий билим ва амалий тажрибаларга бой дарслар давом эттирилди.

Дарслар давомида шунингдек,озиқ овқат хавфсизлигининг аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.

Жумладан, бугунги кунда дунё аҳолисини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа касб этмоқда. Чунки, озиқ-овқат маҳсулотининг сифат ва хавфсизлигининг муҳимлиги ер юзида аҳоли сони тобора кўпайиш тенденцияси ва демографик ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ бўлиб, инсоннинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини ҳам оширади ҳамда унга бўлган талабнинг ҳам ўсиб боришига олиб келади. Мана шундай муҳим омил асосида жаҳон миқёсида талаб ва эҳтиёжнинг бир меъёрда қондирилмаётганлиги ва айнан шу омил глобал муаммога айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас, албатта. Озиқ-овқат маҳсулотлари танқис бўлган мамлакатларда иқтисодий ўсиш секинлашгани ва аксинча фуқаролари етарли рационда овқатланаётган давлатларда эса ривожланиш тезлашгани кузатилгани, республикамиз аҳолисининг ўз томорқаларидан самарали фойдаланиши бизни ана шундай катта силкинишлардан асраши алохида таъкидланди.

Ўз ўрнида тингловчилар ўзларини қизиқтираётган саволлар ва муаммоли вазиятлар бўйича ҳам маълумотлар олишди. Дарслардан сўнг масъулияти чекланган жамияти бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Мазкур маҳорат дарслари Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ННТ учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциатсияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан тақдим этилган грант кўмаги асосида ташкил этилмоқда ва у барча вилоятларда ўтказиши белгиланган.