Цитрус ўсимликларини иссиқхоналарда етиштириш технологияси бўйича тавсиялар

ЦИТРУС МЕВАЛАРНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Картинки по запросу цитрус

Лимон – энг қимматли шифобахш ва тетиклантирувчи мева ҳисобланади. Унинг таркибида 2 фоизга яқин шакар, 6–8 фоиз турли кислоталар (асосан лимон кислотаси), 1 фоиздан кўпроқ пектин, 0,5 фоизга яқин ҳар хил минерал тузлар, 60–90 мг/% С витамини, маълум миқдорда А, В1, В2, РР витаминлари мавжуд. Лимон узоқ сақланганда ва қайта ишланганда ҳам таркибидаги витаминлар яхши сақланади, бу унинг қимматли хусусиятидир.

Лимон юрак томир тизими касалликлари, цинга, сил, бод, ангинани даволашда, организмда моддалар алмашинуви бузилганда истеъмол қилиш тавсия этилади. РР группа витаминлари қон босими пасайишига ёрдам беради ва мияга қон қуйилишининг олдини олади.

Апельсин – серсувлиги, хушбўйлиги билан бутун дунёга машҳур мева. Шунинг учун у бошқа цитрус мевалари орасида ҳақли равишда биринчи ўринни эгаллайди.

Апельсин меваси таркибида 6–8 фоиз шакар, 1,0–1,4 фоиз турли кислоталар, 1,0 фоизгача пектин, 60–100 мг/% С витамини, маълум миқдорда А, В1, В2, РР витаминлари бор. Пўсти қалин ва шарбати кислотали бўлганлигидан таркибидаги витаминлар яхши сақланади.

Мандарин цитрус мевалар орасида десерт сифатида жуда машҳур бўлиб, асосан янгилигида истеъмол қилинади. Мандарин меваси таркибида 7–8 фоизгача шакар, 0,8–1,0 фоиз турли кислоталар, 0,6мевалар0,7 фоиз пектин, 30–60 мг/% С витамини, маълум миқдорда А, В1, РР витаминлари мавжуд.

Грейпфрут эти аччиқ-чучуклиги ва тахирроқлиги билан бошқа цитрус меваларидан фарқ қилади. Меваси таркибида 5–10 фоиз, шакар,
1–2,5 фоиз органик кислоталар, 35–50 мг/% С витамини, маълум миқдорда А ва Е витаминлари бор.

Грейпфрут меваси янгилигида ва шарбат (сок) ҳолида истеъмол қилинади. Организмни мустаҳкамловчи шифобахш дори сифатида ишлатилади, ҳазм қилиш органлари ишига ёрдам беради, қон босимини пасайтиради, ортиқча семириб кетишга йўл қўймайди.

Доимий яшил цитрус ўсимликлари иссиқсевар бўлганлиги боис, улар совуққа чидамсиз, меваларининг етилиши учун жуда кўп фойдали иссиқ ҳарорат йиғиндисини талаб қилади, ўсув даври анча узоқ. Шунинг учун республикамизда цитрус ўсимликлари асосан иссиқхоналар ва траншеяларда ўстирилади. Ёзда ушбу иншоотларнинг усти очиб қўйилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиб-ривожланиши ва ҳосил тугиши учун 4000 оС дан ортиқ фойдали ҳарорат йиғиндисини талаб қилади. Масалан, апельсин мевалари пишиб етилиши учун камида 4500 оС иссиқлик зарур.

Цитрус мевалари орасида иссиққа энг талабчани апельсиндир. У нормал ҳосил тугиши учун суткалик ўртача ҳарорат 220–240 кун давомида 10 оС дан юқори бўлиши керак.

Цитрус ўсимликлари иссиқхоналарда ҳаво ҳарорати 12 оС бўлиб, тупроқ 9 оС илиганда ўса бошлайдилар.

Иссиқхоналарда цитрус ўсимликлари февраль ва март ойининг бошидан ўса бошлайди. Мартнинг иккинчи ярмида биринчи гуллар пайдо бўлади, мартнинг охири апрелнинг биринчи ярмида, суткалик ўртача ҳарорат 20–22 оС бўлганда ёппасига гуллайди. Мева тугиши ва уларнинг ривожланиши учун биринчи ўн кунликда ҳаво 20–25 оС гача қизиши ва нисбий намлиги 70–80 фоиз бўлиши зарур. Бундай шароитда цитрус ўсимликлар анча яхши гуллаб мўл ҳосили тугади.

Май-июнда меваси тез ривожланади, кейин ўсиши бир оз секинлашади, лекин октябргача, яъни пўсти сарғайгунча йириклашаверади. Ноябрь-декабрь бошларида пишади. Ноябрда лимон ўсимлиги тиним даврига киради. Ушбу даврда иссиқхонада ҳарорат ўртача +8 оС дан ошмаслиги керак.

Тадқиқотлар ва қатор хўжаликлар амалиёти шуни кўрсатдики, мамлакатимизнинг суғориладиган ҳудудларида давомли вегетация даври ва жами фаол ҳароратнинг юқори бўлиши цитрус ўсимликлари ичида энг кўп экилган лимоннинг Мейер навидан мўл ва яхши сифатли ҳосил олиш имконини беради. Бу нав нисбатан кичиклиги ва эрта мева бера бошлаши билан фарқланади (ўтқазилгандан сўнг 2 йили), у маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган. У совуққа унчалик чидамли эмаслигини инобатга олиш зарур.

Лимонларни иссиқхоналарда етиштириш кўп маблағ сарфлашни талаб қилса ҳам, траншея усулида ўстиришга қараганда устунликка эга.

Траншеяда ўсимлик қисқа муддатда ўсиб-ривожланади, ўсимликларни парвариш қилиш енгиллашади, бу эса анча юқори ҳосилдорликни таъминлайди.

Траншеяларда ўстирилганда битта дарахтдан ўртача 200–250 тагача мева олинса, иссиқхоналарда анча кучли ривожланган дарахтдан 400–500 тагача лимон меваси олиш мумкин.

Мейер лимонидан узоқ йиллар давомида юқори ва барқарор ҳосил олишнинг муҳим шарти бу нав талаблари билан уни ўстириш шароитлари ўртасида мувофиқликни таъминлашдир. Шунинг учун иссиқхоналарни ҳам, траншеяларни ҳам бу иншоотлар лойиҳасига қатъий риоя қилган ҳолда қуриш лозим.

Суткалик ҳарорат ўртача 10 оС дан юқорироқ бўлганида, лимон новдалари ўса бошлайди. Одатда ўсишининг 4–5 даври, ёш тупларида эса ҳосилга киргунча олти даври кузатилади. Новдаларнинг даврлари нисбатан тиниш даври билан алмашиниб туради. Даврларнинг бошланиши ва давомийлиги об-ҳаво шароити ва қўлланиладиган агротехникага боғлиқ.

Суткалик ўртача ҳарорат 16–18 оС га етганида лимон ялпи ғунчалайди, 18–22 оС да гуллайди.

Лимон барглари 2–3 йил яшайди ва аста-секин алмашинади. Ёш
(1 йиллигигача) барглар озиқ моддаларни фақат истеъмол қилади, қарироқлари эса озиқ моддаларни ўсиш ва ҳосил тугиш учун туплайди ҳам.

Февраль бошларида пластик моддалар ажралиб чиқади, шунингдек, кўп миқдорда гулкуртаклар вужудга келади, булар юқори ҳосил олиш учун катта аҳамиятга эга. Туплар гуллаш даврида (март-апрель) иссиқхонада ҳаво ҳарорати 18–22 оС дан ошмаслиги керак.

Лимон ўз-ўзидан ва четдан чангланадиган ўсимлик. Четдан чангланиш асаларилар ёрдамида ўтади ва тугунчаларнинг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Ўсиш ва шаклланиш даврида (апрель-май)
20–25оС қулай ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 70–80% бўлганида фойдали гуллаши 22–25 фоизга етади. Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратнинг кескин ошириш тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Мевалар октябрь охирида ноябрь ўрталарида пишади.

Лимон совуққа чидамсиз ўсимлик, -2–2,5 оС совуқда мевалари,
-3–4оСда барглари ва бир йиллик новдалари зарарланади. Ҳароратнинг
-5–6 оС гача пасайиши қарироқ шохларнинг нобуд бўлишига олиб келади,
-8–9 оС да эса ўсимликни бутунлай совуқ уради.

Лимоннинг ўсиб-ривожланиши учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлари яқин жойлашган шўр ерларда ва структурасиз соз тупроқларда мутлақо ўса олмайди. Зичлиги ўртача қумоқ тупроқли ерлар ва сув ҳаво ўтказувчанлиги яхши бўлган енгил тупроқлар мақсадга мувофиқдир.