ЖАЖЖИ ТУХУМНИНГ КАТТА ХУСУСИЯТЛАРИ Ёхуд сифатли тухум танлаш сирлари

Картинки по запросу tuxum

Товуқ — етти хазинанинг бири сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Чунки у рўзғорга даромад, барака келтиради. Аммо бугун биз товуқнинг ўзи эмас, айнан у келтирадиган яна бир барака – тухум ҳақидаги антиқа маълумотларни ўртоқлашамиз.
XVI асрда Францияда айниган тухум харид қилган кишилар сотувчини шу тухумлар билан “тошбўрон” қилишга ҳақли эдилар.
ТОВУҚ ҚАНЧА ТУХУМ БЕРАДИ?
Мамлакатимизда тухум берадиган товуқларнинг ломанн (Германия), хайсекс, бованс (Голландия), хай-лайн (АҚШ) ва родонит-3 (Россия) зотлари парваришланади. Товуқлар уй шароитида йилига — 270, саноат паррандачилигида эса 330 донагача тухум бериши мумкин. Тухум берадиганлари орасида энг кўп тарқалган зоти леггорн товуғи ҳисобланади.
ТУХУМНИНГ КУЧИ
Мутахассисларнинг фикрича, парранда тухумида 13% оқсил, 11% ёғ, 1% минерал моддалар ва витаминлар комплекси кузатилади. Тўйимлилиги жиҳатидан 10 дона товуқ тухуми 0,8 кг. мол гўштига тўғри келади. Тухум таркибида 85% га яқин сув бўлиб, қолгани соф оқсил, витамин ва ферментлардан иборат. Тухумнинг сариқ моддасида 52% сув, 32% ёғ ва 16% га яқин оқсил бўлади.
СИФАТЛИСИ ҚАНДАЙ ТАНЛАНАДИ?
Сайёра БОБОМУРОДОВА, мутахассис: — Тухум етти кун давомида парҳезбоп ҳисобланади, шундан сўнг оддий тухумга айланади. Тухум янги ёки муддати ўтганини билиш учун 1 литр сувга 100 грамм туз солиб, унга тухумни ботирасиз. Янги бўлса, тухум сув тубига чўкиб кетади, эскирган бўлса, сув юзасида қолади. Шунингдек, тухумни музлаткичдан олибоқ қайнатманг. Бир муддат хона ҳароратида турсин. Йўқса, қайнатаётганда ёрилади. Савдо расталаридан тухум танлаётганингизда унинг рангига ва оғирлигига эътибор беринг. Сифатли тухумнинг вазни оғирроқ бўлиши керак. Шунингдек, истеъмол қилиш учун кўпроқ оқ тухум тавсия қилинади. Қизил тухум эса асосан қандолатчиликда ишлатилади.
НАРХИ ҲАҚИДА
Бугунги кунда товуқ тухумини юртимиз бозор расталари ва савдо дўконларидан 250-400 сўмга харид қилишингиз мумкин. Бедана тухуми эса 150 сўм.
ТУХУМНИНГ ВАЗНИ ҚАНЧА?
Шахбоз ТЎРАЕВ, паррандачилик хўжалиги ходими: — Кузатувларга кўра, паррандаларнинг тухум қилиши қиш ойларида сусаяди, баҳорда эса жадаллашади. Қиш вақтида олинган тухум миқдорини аниқлаш мақсадида 4 ой (ноябрдан мартгача) мобайнида етиштирилган тухумлар ҳисобга олинади. Парранда тухумларининг вазни уларнинг турига кўра ҳар хил бўлади. Масалан, товуқ тухумлари 55-62 гр., ўрдак ва куркаларники 80-100 гр., ғозларники эса 110-180 гр. келади.
Уйда товуқ боқувчилар учун:
ИМИЛЛАГАН ЖЎЖАЛАРНИ ТАНЛАМАНГ!
Шу ўринда қизиққанлар учун кичик бир маслаҳатни бериб ўтсак фойдадан холи бўлмайди. Уйда товуқ боқиш учун одатда серҳаракат, турли қаттиқ товушлардан ўзини олиб қочадиган жўжаларни танлаган маъқул. Патлари ҳурпайган, имиллаган ва камҳаракат жўжаларни танлаш тавсия этилмайди.
ТУХУМ ПЎЧОҒИ ҲАҚИДА
Маълумотларга кўра, тухум пўчоғи ҳам бир қанча хусусиятларга эга. Тухум пўчоғи таркиби одам суяги ва тиши таркиби билан ҳайратланарли даражада мос келади. Таомга майдаланган тухум пўчоғини қўшиш соч ва тирноқлар синувчанлиги, милк қонаши, қабзият, жиззакилик, уйқусизлик ва астманинг олдини олади. Даволаш учун фақат янги, эндигина арчилган тухум пўчоғи ишлатилади.
БЕДАНА ТУХУМИ
Мутахассисларнинг фикрича, бедана тухуми ҳам инсон учун зарур бўлган, экологик тоза ва биологик жиҳатдан тўйимли маҳсулот ҳисобланади. Қадимда халқ табобатида бедана гўшти ва тухумидан даволовчи, шифобахш хусусият борлиги учун кенг фойдаланилган. Бедана бир йилда 250-300 донагача тухум қўяди. Тухуми миттигина бўлиб, учтаси бир товуқ тухумига тенгдир. Тухумининг оғирлиги 8-14 грамм келади. Бедана 50-60 кунлик давридан (товуқ 120-180 кундан кейин) бошлаб тухум қўяди. Бу тухумнинг яна бир хусусияти — узоқ муддатгача сақланишидир. Бедана тухумини хона ҳароратида 30 кун, музлаткичда 60 кунгача сақлаш мумкин.
ТИББИЙ ХУЛОСА
Мансур ТОШМУРОДОВ, шифокор:
— Бедана тухуми хотирани кучайтириб, кўзни равшанлаштиради, асаб тизимини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, иммунитетни оширади, овқат ҳазм қилиш ва юрак-қон томир тизимини мўътадиллаштиради. Танадаги радиактив ва оғир металларни чиқариб ташлаши тажрибада исботланган. Бу митти тухумнинг яна бир шифобахшлиги — қон босимини нормаллаштиради, яъни, босим паст бўлса кўтаради, юқори бўлса туширади ва паришонхотирликни даволайди. Бедана тухумида холестерин моддаси деярли учрамайди. Унинг таркибидаги витаминлар ва минераллар гемоглобин ва қондаги эритроцитларни мўътадиллаштиради.
БИЛАСИЗМИ?
Японияда бедана тухуми аҳоли ўртасида энг кўп истеъмол қилинадиган озуқадир. Маълумки, ўтган асрнинг 1945 йилида Хиросима ва Нагасаки шаҳарларининг бомбардимон қилинишидан сўнг япон олимлари инсон танасидан радиактив элементларни энг самарали равишда чиқаришда бедана тухумини афзал деб билишган. Ана шундан бери ҳозиргача Японияда кун тартибидаги 12 та асосий озуқа рўйхатига бедана тухуми ҳам киритилган бўлиб, ҳар бир япониялик болакай кунига икки бора бедана тухумини давлат ҳисобидан олишга ҳаққи бор.

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.