ТУПРОҚНИ ЛИМОН КЎЧАТЛАРИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРЛАШ

Иссиқхона ва траншеялар тупроғи кўчат ўтказилгунча, яхшилаб текисланган ва 60–80 т чириган гўнг, 600 кг суперфосфат ҳамда 150 кг калийли ўғитлар (1 га ҳисобида) солиш билан 50–60 см чуқурликда ер ҳайдалиши керак.

Иссиқхонада лимон ўтказишнинг энг яхши схемаси 3 х 4 м, траншеяларда эса бир қатор қилиб бир-биридан 3 м оралиқда ўтқазилади. Экиш учун майдонлар ажратилгач, 60 см. ли чуқурлар қазилади. Кўчатларни ўтказиш пайтида ҳар бир чуқурчага 10–15 кг чириган гўнг, 100–150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитларни тупроқ билан яхшилаб аралаштириб солинади.

Иссиқхоналарда илдиз тизими яхши ўсган бир ёшли ва икки ёшли кўчатлар баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) ўтқазилади. Бир ёшли ўсимликларда 3–4 та биринчи тартиб пишган новдалар ва танасининг йўғонлиги 0,7–0,8 см бўлиши керак. Икки ёшли кўчатимизда иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши зарур.

Кузда лимон илдизига ёпишган тупроғи билан ўтказилади. Акс ҳолда ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлади.

Ўтқазишдан олдин боғ қайчи ёки ўткир пичоқ ёрдамида охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек, ортиқча новдалари, илдизининг синган қисми кесиб ташланади.

Кўчатларнинг илдиз бўғзини тупроқ сатҳидан 2–3 см юқорироқ бўлиши учун чуқурчалар олдига ўрнатилган назорат қозиқлар бўйича ўтқазиш тахталари ёрдамида экилади. Кўчат ўтқазилганидан сўнг унинг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25–30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади. Траншеяларга апрель ойида аёзли хатолар ўтганидан кейин ўтказилади.

ЎСИМЛИКЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Кўчатлар чуқурлиги 15–20 см. ли ариқ сувидан жилдиратиб оқизиб, тупроқ 40–50 см чуқурлигида намлангунича суғорилади. Лекин вегетация давомида доимо нам ҳолатда тутилади. Ўтқазилгандан сўнг учинчи йилда суғориш эгатлари ўсимлик танасидан 50 см. га кўчирилиб, 30–40 см. гача чуқурлаштирилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг мақбул намлиги тўла намлилик сиғимидан 70–85 фоизни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилиши керак, уларнинг миқдори об-ҳаво шароити ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланади. Зичлиги ўртача қумоқ тупроқларда тахминан февралда 1 марта, мартда 2, апрель ва майда 3 мартадан, июнда 4, июль в августда 4–5 марта, сентябрда 3 марта, октябрда 2 марта, ноябрда 1–2 марта, шу жумладан 5–6 марта шарбат аралаштириб суғорилади. Иссиқ ёз кунларида кечқурун ва эрталаб суғорилади. Ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ 10–15 см тупроқ юмшатилиши мумкин.

Баҳорда иссиқхонанинг ҳаво ҳарорати кескин ошганида, баргларнинг сарғайиши ва тўкилиши кузатилади. Бунинг олдини олиш учун қуёшли, совуқ бўлмаган кунларда ҳаво билан тупроқ ўртасидаги ҳарорат, барглар буғланган сув билан илдизлар томонидан тупга етказиб берилаётган сув ўртасидаги диспропорциясини пасайтириш учун иссиқхонани шамоллатиш керак.

ТУПРОҚҚА ИШЛОВ БЕРИШ

Қишда тупроққа 25–30 см чуқурликда ишлов беришда чириган гўнг ва суперфосфат солинади. Кейинчалик тупроқни юмшатиш, суғориш ёки шарбат бериш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш вақтига тўғрилаб олиб борилиши керак.

Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15–35 см чуқурликкача ётган илдиз тизимларини шикастламаслик учун эҳтиётлик билан иш кўриш керак.

Бегона ўтларни ўташ ва уларни иссиқхонадан чиқариб ташлаш зарур, чунки улар ўсимликларни шира ва бошқа зараркунандалардан зарарланиши учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

ТУПРОҚНИ ЎҒИТЛАШ

Кўчат ўтқазилгач, иккинчи йилдан бошлаб ҳар йили қиш олдидан ишлов беришда гўнг ва суперфосфат солинади. Бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг гўнг, 20 г. дан азот ва фосфор ҳамда 10 г калий ўғити солинади. Мева берувчи туплар тагига эса 20–25 кг гўнг ва 80–100 г фосфор (тупларининг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади), 80–120 г азотли ва 40–60 г калийли ўғитлар солинади. Бунда минерал ўғитлар икки муддатда: ярми – февралда, қолган ярми май ойи охири-июнь бошларида мевалари шаклланганидан кейин солинади. Бундан ташқари, лимон туплари биринчи марта қишда вегетация бошлангунча, иккинчи марта гуллаш олдидан ва 3–4 марта тугунлар тўкилганидан кейин ва мевалар ўсиши даврида 20–25 кун оралатиб шарбат билан суғорилади. Бунда сигир, қўй-эчкиларнинг ва парранда гўнгини (2:1:1) ариқ сувида яхшилаб эзиб, суғориш эгатларига қуйилади.