Қўйларни гўшт ишлаб чиқариш мақсади билан бўрдоқига боқишда асосан икки хил усулдан фойдаланилади
1) қўйларни яйловларда ҳайдаб боқиб семиртириш;
2) қўйхоналарда асраб қўлдан озиқлантириб бўрдоқи қилиб семиртириш.
Яйловларда боқиб гўштга етилтириш учун асосан бир ёшгача бўлган ахта қўчқорлар (валухлар) ҳамда хўжалик ишлаб чиқаришида аҳамияти бўлмаган, хусусияти сўниб бораётган ҳамда асосий воситалик ҳисоб рақамидан чиқарилиши лозим бўлган (брак қилинган) катта ёшдаги урғочи қўйлар ажратиб олинади. Бу гуруҳ қўйларга асосан 7–8-йиллик совлиқ сифатида қўзи олиш учун фойдаланилган қўйлар киради.Улардан катта-катта сурувлар ташкил этилиб, ҳар бир отарда 1000 бошгача қўй бўлади. Бу қўйлар серўт яйловларда ҳайдаб боқилади. Ўтлатиб боқиш давомида қўйларнинг қанчалик семираётганини
текшириб, қўшимча вазн қўшаётганлик самараси кузатиб борилади. Бунинг учун ҳар 30 кунда бир марта тўдадаги қўйдан 10% и тарозида тортилади. Айни кўрсаткич асосида ҳамма қўйнинг ўртача қўшимча вазни
чиқарилади. Бунда агар ҳар бир бош қўйнинг ўртача оғирлиги боқишга қўйишдан олдинги оғирлигига нисбатан 20–30% ортса, яхши семирган ҳисобланади ва гўшт учун топширишга рухсат этилади. Қўйлар
яхши яйловларда боқилганида оғирлиги 50% га ҳам ортиши мумкин.
Яйловда боқилаётган қўйларнинг семирганлигини ташқи кўринишидан, думғаза суякларининг устини пайпаслаб кўриш йўли билан аниқлаш усуллари бор. Семиз қўйнинг думғаза қисмидан пайпасланса, унинг териси силжийди ва тери ости ёғ қатлами қўлга билинади. Ориқ қўйнинг териси эса қийин силжийди ва қўлга думғаза суяклари тегади.