Президент янги қонунни имзолади. Ер тўғрисидаги ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилади:

1) 65-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектаргача майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектардан ортиқ майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

иккинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисобланади;

2)  261-модданинг биринчи қисмидаги «65-моддасининг иккинчи қисмида» деган сўзлар «65-моддасининг тўртинчи қисмида» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 266(1)-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораларини қўллашга Ўзбекистон Республикаси ерлардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофаза этилишини назорат қилиш бош давлат инспектори ҳамда унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг, Тошкент шаҳрининг ва туманларнинг (шаҳарларнинг) ерлардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофаза этилишини назорат қилиш бош давлат инспекторлари ҳақлидир».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598–I-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади:

1) 12-модданинг:

иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Ер тузиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг топшириғига ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг органлари томонидан амалга оширилади»;

тўққизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Ички хўжалик ер тузиш тури қишлоқ хўжалиги корхоналарининг, муассасаларининг ва ташкилотларининг ҳудудини ички хўжалик негизида белгилаб олишни, қишлоқ хўжалик экинларини ва кўп йиллик дов-дарахтларни жойлаштиришни, илмий асосланган алмашлаб экишни жорий қилишни, барча қишлоқ хўжалик ерларини (пичанзорлар, яйловлар, боғлар, токзорлар ва бошқаларни) жойлаштиришни, тупроқ эрозиясига қарши курашиш тадбирларини ишлаб чиқишни, шунингдек суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилишни ўз ичига олади»;

2) 13-модданинг бешинчи қисмидаги «ер тузиш хизмати органлари» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 15-модданинг олтинчи қисмидаги «давлат кадастри ва ер тузиш хизмати органлари» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари» деган сўзлар билан алмаштирилди;

4) 19-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Фуқароларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳноманинг шакли, ушбу гувоҳномани рўйхатга олиш ва бериш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади»;

5) 20-модданинг:

бешинчи ва олтинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқлари ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома берилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳномани бериш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади»;

еттинчи қисми чиқариб ташланди;

саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари тегишинча еттинчи ва саккизинчи қисмлар деб ҳисобланади;

6) 21-моддадаги «ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ҳужжатларида» деган сўзлар «кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ва уларга доир битимларнинг давлат реестрида» деган сўзлар билан алмаштирилди;

7) 22-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Корхонага, бинога, иншоотга ёки бошқа кўчмас мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Уй-жойга, чорбоғга бўлган мулк ҳуқуқи (сотиб олиш, ҳадя ёки мерос бўйича олиш ва бошқа ҳолларда) жисмоний шахсларга ўтган тақдирда, ушбу иморатларга мулк ҳуқуқи билан биргаликда мазкур иморатлар жойлашган барча ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулк жойлашган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган органлар ҳамда шахсларнинг тегишли шартномалари, қарорлари асосида туман, шаҳар ер-кадастр дафтарига ернинг янги эгаси ёки ердан янги фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ёки ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳномани топшириш йўли билан расмийлаштирилади.

Корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи янги мулкдорга ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг эгасига ўтган тақдирда, унга ер участкасининг корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг улушига мутаносиб бўлган қисмига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади, ер участкасини бундай ажратиш мумкин бўлмаган ҳолларда, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган масалалар юзасидан низолашилган тақдирда эса ер участкасининг бўлиниши Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан амалга оширилиб, туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан тасдиқланади ва шундан кейин ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатига олиниб, давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги тегишли гувоҳномалар берилади»;

8) 23-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгилангунига ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади»;

9) 27-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага

0,06 гектаргача ер участкалари берилади»;

10) 32-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ер участкасининг планини ва тавсифини тузиш, жойнинг ўзида унинг чегараларини белгилаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан бажарилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади»;

11) 33-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

 

«Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатдир.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаси бериш (ажратиш) тўғрисидаги қарорига ёки ижара, олди-сотди шартномасига ҳамда ер участкасини ўзга шахсга ўтказишнинг бошқа турларига, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерига, мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг қарорига асосан берилади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқ ушбу ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинганидан кейин кучга киради»;

12) 40-модда қуйидаги мазмундаги 10 ва 11-бандлар билан тўлдирилди:

«10) ер участкасига бўлган ҳуқуқлар мажбурий тартибда бекор қилинган тақдирда, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаш;

11) ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўриш»;

13) 44-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, улардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда бу сувларга белгиланган лимитлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг хулосасига мувофиқ вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади»;

14) 49-модда олтинчи қисмининг учинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ер участкаларини олган қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома белгиланган тартибда берилади»;

15) 79-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилди:

«ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўради»;

16) 80-модданинг бешинчи қисмидаги «ер тузиш» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари» деган сўзлар билан алмаштирилди;

17) 87-модданинг:

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни қуйидаги ҳолларда қопланмайди:

ер участкалари якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар қуриш ҳамда уларни ободонлаштириш учун олиб қўйилганда;

ер участкалари дафн этиш жойларини ташкил қилиш учун, давлат таълим ва даволаш муассасалари, интернатлар, болалар уйлари қуриш учун олиб қўйилганда;

ер участкалари сув хўжалигига мелиоратив объектлар ва гидротехник иншоотлар қурилиши учун ажратилганда;

ер участкалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш учун берилганда;

ер участкалари мудофаа эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;

ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини жиҳозлаш эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда»;

тўртинчи қисмидаги «Қонунларда» деган сўз «Қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида» деган сўзлар билан алмаштирилди;

18) 88-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида тушадиган маблағлардан қуйидаги мўлжалланган мақсадга кўра фойдаланилади:

янги ерларни ўзлаштириш ва суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш;

тупроқ ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалик ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва қайта қуриш, суғориладиган ерларни капитал режалаштириш ҳамда уларнинг сув билан таъминланиш даражасини ошириш;

пичанзорлар ва яйловларни тубдан яхшилаш;

ер тузиш, ер кадастри, ер мониторинги ва тупроқ жиҳатидан изланишлар олиб бориш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тайёрлаш ёки тузатиш;

автоматлаштирилган ер-ахборот тизимларини яратиш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маблағлардан вилоят ҳокимининг қарорига биноан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришни кўпайтиришга, қишлоқ хўжалик ерларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа тадбирларни амалга оширишда ҳам фойдаланилиши мумкин.

Ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида тушадиган маблағлар алоҳида ҳисобга олиб борилади ҳамда улардан ўрмонлар ва ўрмон мевали дарахтзорларни барпо этиш ва тиклаш, қумли ерлар, сув ҳавзалари ҳамда дарёларнинг қирғоқ бўйи минтақаларида дарахтзорлар барпо этиш, шунингдек ўрмон ерлари ҳолатини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун фойдаланилади».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 28 августда қабул қилинган «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги 666–I-сонли қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

1) 10-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг тегишли бўлинмалари томонидан бажариладиган аэрокосмик суратлар олишни, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, агрохимия, геоботаникага оид ва бошқа изланишларни ҳамда тадқиқотларни амалга ошириш, ерларни инвентаризациядан ўтказиш, ерларни миқдор ва сифат жиҳатдан ҳисобга олиш ҳамда баҳолаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш»;

2) 13-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқларини, ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини, шунингдек ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини, шу жумладан сервитутлар тўғрисидаги битимларни ва бошқа чекловларни ҳамда бу ҳуқуқларнинг бекор қилинишини давлат рўйхатига олиш Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ва уларга доир битимларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни киритиш орқали ер участкаси жойлашган ерда амалга оширилади.

Ер участкаларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи, уларни ижарага олган, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, ўзгага ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатига олиниши лозим. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олиш йиғими ундирилади.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахснинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ишларини амалга оширувчи органга берган аризасига асосан амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги зарур ҳужжатлар илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан икки кунлик муддатда тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши ва бошқа шахсга ўтиши давлат рўйхатига олинганлиги ҳақида давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади, унда рўйхатга олиш санаси ва тартиб рақами кўрсатилади.

Ер участкасига бўлган, белгиланган тартибда юзага келган ҳуқуқ ушбу ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин кучга киради»;

3) 19-модданинг иккинчи қисмидаги «ерларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда йўл қўйилган нобудгарчилик ва кўрилган зарарларни қоплаш» деган сўзлар чиқариб ташланди.

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги 171–II-сонли қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

1) 5-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси «техноген» деган сўздан кейин «минерал» деган сўз билан тўлдирилди;

2) 13-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Кўчмас мулк ҳисобланган кадастр объектларига бўлган ҳуқуқлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юридик ва жисмоний шахсларнинг кадастр объектларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда тасдиқланишининг юридик ҳужжатидир.

Кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни давлат реестрларига киритиш йўли билан амалга оширилади.

Кўчмас мулк ҳисобланган кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кадастр объектларининг барча мулкдорлари ва кадастр объектларига доир бошқа ҳуқуқларнинг эгалари учун мажбурийдир»;

3) 14-моддадаги «идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг» деган сўзлар «идораларнинг» деган сўз билан алмаштирилди.

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;

ушбу қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.

6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.