Ғўзани зинҳор чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам бўлмайди…

Тошкент вилояти миришкорлари томонидан жорий йилда 75 минг 800 гектар майдонда пахта ва 192 минг 697 гектарда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. 112 минг 700 гектардан ортиқ майдонда такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилди.

Мамлакатимизда кузатилаётган сув танқислиги билан боғлиқ мураккаб вазият вилоятда қарийб 400 минг гектар суғориладиган майдондаги экинларни суғоришда ўзига хос муаммоларни вужудга келтириши табиий, албатта. Маълумотларга кўра, ҳудудда жойлашган сув омборларидаги сув захираси 2017 йилга нисбатан 7 фоизга камайган. Хўш, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш юзасидан қандай чоралар кўрилмоқда?

– 2018 йил 29 май куни Президентимиз раислигида сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, зарур чоралар кўрилмоқда, – дейди вилоят сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Ш.Наримбоев. – Аввало, суғориш ишлари навбат асосида, энг охирги майдондан бошлаб амалга оширилиши тартиби жорий этилди. Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ҳар бир туманда соҳа вакилларидан иборат штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, экин майдонларини суғоришга тайёрлаш бўйича туманлардаги ҳар 4-5 фермер хўжалигига тизим ходимларидан масъуллар бириктирилди. Фермер хўжаликларида эса 5 гектар майдонга бир нафар сувчи жалб қилиниб, улар учун даланинг ўзида барча шароит яратиб берилди.

Сувнинг ҳар томчисини мақсадли сарфлаш, айниқса, соҳага сув тежовчи илғор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Маълумотларга кўра, бу борадаги дастлабки саъй-ҳаракатлар 2013 йилда бошланган бўлиб, 2018 йилга қадар 50 дона кўчма дизель насос агрегати олинган. 1 минг 780 гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизими йўлга қўйилган. Сув танқислиги кузатилиши йил бошидан маълум бўлган жорий йилда эса, ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди. Хусусан, ҳудудда сувни тежаш мақсадида 800 гектар ерда эгатга плёнка тўшаб, 2 минг 120 гектар ерда эса ўқ ариқлар ўрнига эгилувчан қувурлар орқали суғоришни жорий этиш, 53 дона кўчма дизель насос агрегати олиш юзасидан махсус дастур қабул қилинган. Дастур ижроси юзасидан эса тегишли шартномалар тузилиб, технологиялар фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Пискент туманидаги «Agro stimul tex servise» фермер хўжалиги раҳбари Ганжабой Матниёзов ҳам жорий йилда сувни тежаш мақсадида эгилувчан қувурлар тўпламини харид қилди. Ҳозир хўжаликнинг 70 гектар ерида барқ уриб ўсаётган ғўза ана шу қувурлар орқали суғорилмоқда.

– Ғўза жуда нозиктаъб ўсимлик, – дейди хўжалик раҳбари. – Уни зинҳор чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам бўлмайди, шашти қайтади. Ғўзани суғоришда доим мана шу муаммога дуч келамиз, яъни пахтазорнинг бирор жойи кўллайди ёки бошқа жойи сувсиз қолади. Эгилувчан қувурлар ушбу муаммонинг айни давоси бўлди. Айниқса, сув танқис бўлган жорий мавсумда ўқ ариқлардагига нисбатан сувни 20 фоизгача тежаш имконини бермоқда