Ўзбекистон мўъжизалари: Қўчқор ота балиқларининг сири нимада?

Ўзбекистон мўъжизалари: Қўчқор ота балиқларининг сири нимада?

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Бозоржўй қишлоғидаги Қўчқор ота булоғи ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Булоқдан чиққаётган тиниқ, шифобахш сув таркибида инсон соғлиги учун фойдали бўлган магний, калий, сульфат каби ўнлаб микроэлементлар мавжуд. Шундан бўлса керак, бу сувни ичганингизда юмшоқ ва бир оз ёғлироқ экани сезилади. 
Шу ҳудудда яшовчи қишлоқ аҳли булоқдан чиқаётган обиҳаётдан томорқа ва боғ суғоради. Ўзлари истеъмол қилади. Қисқаси, бу булоқ улар учун тирикчилик манбаи.
Ривоятларда келтирилишича, бу сув 11-асрда яшаган деб тахмин қилинадиган Қўчқор ота қабри атрофидан сизиб чиқмоқда. Булоқ сувини тоза сақлаш ва челакларга олишда қулай бўлиши учун усти айвон қилинган. Истеъмол қилмоқчи бўлганлар зиналардан пастга тушиб, идишларга обиҳаёт олиши мумкин. Булоқ суви айвон тагидан ўтгач, қувур билан ҳовузга бориб тушади.
Бу ҳовуз анча катта бўлиб, унда 100 минг литрдан кўп сув йиғилади. Энг қизиғи, бу ерда жуда кўп, оғирлиги бир килограмм атрофидаги балиқларнинг сузиб юриши. Бетонланган бу ҳовузда озуқа йўқ, уларни ҳеч ким парвариш қилмаса-да балиқлар оч қолмайди. Асрлар оша яшаб келаётган Қўчқор ота балиқлари сувдаги фойдали элементлар билан озуқланар экан.
Яна бир гап, ривоятларда келтирилишича, бу балиқлар Нурота чашмасидаги балиқлар билан алмашиниб турар экан. Қўчқор ота булоғидаги сув Нурота чашмасидаги обиҳаёт маззаси билан ўхшашлигини инобатга олсак, бу фикрда ҳақиқат бордай.
Айтишларича, ҳар икки булоқ ўртасидаги масофа 25-30 километрни ташкил этади. Балиқларни сувдан чиқмаслигини ҳисобга олсак, балки, уларни ер остидаги сув йўли бир-бири билан боғлаб тургандир.
Манба: Ўза.