Ўзбекистонда ёввойи ҳолда ўсадиган мева экинлари

Ёввойи ҳолда ўсадиган меваларнинг кўпи хушбўйлиги ва таркибида витаминлар кўп бўлиши билан қимматлидир. Айниқса,(четан,  итбурун, тоғ гулбадрани, ёввойи олма, дўлана, облепиха, унаби кабиларда)
С витамини кўп бўлиб, миқдори маданий турларга қараганда 2-3 баровар ошади. Баъзи мева ўсимликлар, жумладан анор, жийда ва бошқалар манзарали ўсимликлар ҳисобланади. Айрим ўсимликларнинг меваларидан озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашада, бўёвчи модда сифатида, ипакли ва жун тўқималарини, гиламларни, тери ва ҳар хил буюмларни бўяшда ишлатилади. Бир қанча мева дарахтларининг ёғочи мебель жиҳозлари учун қўлланилади. Мева ўсимликларининг кўпи совуққа ва қурғоқчиликка чидамли, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлиши билан бирга мўл ҳосил беради.

Тоғолча –тоғларнинг ўрта полосасида денгиз сатҳидан 1000 – 1500  метр баландликда, шимолий сернам ёнбағирларда ўсади; дарёларнинг этакларида 2500 м баландликда ҳам учрайди. Тоғларнинг пастки, анча

қуруқ зонасида бутазорлар ёнида, энг баланд ўрмон поясида эса ўрмонзорларда олма, ёнғоқзорларда ва аралаш ўрмонларда ўсади. Ёруғ жойларда яхши ўсади.
Бута ёки кичик дарахт ҳолида ўсади. Тоғолча меваларининг йирик-майдалиги, шакли, ранги, таъми ва кимёвий таркибига кўра жуда ҳам хилма-хил бўлади. Тўнкасидан яхши ўсади. Ҳар бир тупи, ўсиш шароитига
қараб, соядагиси 3-4 кг, дарё ва сойларнинг бўйларида эркин ўсгани 100 кг гача мева беради. Меваси июль ўртаси сентябр охирида пишади.  Уруғларидан олхўрининг маданий навлари учун пайвандтаглар
ўстирилади.
Дўлана – кўп учрайди, катта дўланазорлар ҳосил қилмайди. Денгиз сатҳидан 900-2000 м баландликда ўсади. Қурғоқчиликка анча чидамли ва ҳар қандай ерда ўсаверади, доимий мўл ҳосил беради. Меваси янгилигида
истеъмол қилинади, август-сентябрда пишади. Меваси майда серсув,  ширин, ранги қизилдан сариққача бўлади, спирт олиш саноатида ҳам ишлатилади.
Зирк – бута шаклида, 2,5-4 м гача баландликда ўсади. Сояда ўса олмайди. 2000 метр ва ундан баланд тоғларда ўсади. Ёруғсевар ва қурғоқчиликка анча чидамли ўсимлик бўлиб, кучсиз, шағал-тошли ерларда
ҳам ўсаверади.  Ҳар йили мўл ҳосил беради. Бир тупидан 1,3-3,0 кг гача мева териб
олиш мумкин. Меваси қора рангли бўлиб кўк ғубори бор. Чўзиқ-эллипс шаклида бўлади. Август охирида пишади. Меваси янгилигида ва қуритилган ҳолда овқатга зиравор сифатида шунингдек, мураббо, жем,
пастила ва қайнатма пишириш учун ишлатилади. Маҳаллий аҳоли мевасидан бўёқ сифатида фойдаланади, ипак тўқ бинафша рангга, жунли мато тўқ долчин рангга бўялади. Бўёқ ёруғда ўчмайди.
Четан – денгиз сатҳидан 1200-3200 м баландликда ўсади. Бўйи 10 м га етадиганлари ҳам учрайди. Тоғнинг энг юқори қисмларида жуда туплайди. Мевалари сариқ, қизғишдан – қизилгача товланади, серсув,
таъми ширин-нордон бўлади. Меваси овқатга шунингдек, спиртли ичимликлар тайёрлаш учун ишлатилади. Мева ўсимлиги сифатида унчалик катта аҳамиятга эга эмас.
Смородина. Бу ўсимлик водийлар ва тоғ дарёлари, жарликларда 3000 м баландликда ўсади. Кичикроқ бута бўлиб, қора рангли йирик,  мевалари ширин бўлади. Янгилигида исътемол қилинади ҳамда қуритиб
қоқи қилинади. Август-сентябрда пишади.
Маймунжон. Ўзбекистоннинг барча тоғли районларида кенг тарқалган; бу ўсимлик айниқса дарё водийлари бўйлаб, нам тепаликларда якка-якка ва ўтиб бўлмайдиган тиканли чакалакзорлар ҳосил қилиб ўсади.  Бўйи 1,5 м гача. Узун тиканли новдалари бўлган чала бута ўсимликдир.  Мевалари қора рангли, серсув, ширин-нордон, қаттиқ данакли бўлади.  Маймунжон совуқ тушгунга қадар августда пишади, янгилигида истеъмол қилинади ва мураббо пишириш учун ишлатилади.
Жирғаноқ– тоғ зонасида дарё ва сойлар, кўллар бўйида кам учрайди. Бута ёки бўйи 4-5 м ли кичик дарахтдир. Мўл ҳосил беради, 0,8  см узунликдаги мевалари тухумсимон, тилла ранг-сарғиш, қўнғир рангли
ҳоллари бўлади. Дастлабки қора совуқлардан кейин ейишга яроқли бўлиб,  мевалари нордонроқ таъм беради. Ундан дамлама тайёрлашда ҳамда тиббиётда фойдаланилади. Барг ва пояларида 10,5 % таннидлар бўлади.

Жийда.
Тўқай ўсимлиги бўлиб, анҳор бўйларида ва унга ёндошган жойларда кенг жийдазорлар ҳосил қилади; тоғ шароитида денгиз сатҳидан 1300 м баландликкача кўтарилади. Сизот сувлари анча юза жойлашган ва бошқа мева дарахтларига нисбатан шўр босган ерларда ҳам ўсаверади.  Унинг бир қанча тур-хиллари учрайди. Баъзи йиллари кўп ҳосил қилади.  Ёввойи ҳолда ўсадиган хилларининг мевалари майда, қизғиш товланадиган сариқ рангда бўлади. Маҳаллий аҳоли улардан нон ёпишда хамирга аралаштириб фойдаланади. Вино ичимлиги саноатда жийда меваларидан спирт олинади. Тўқайлардаги жийданинг ҳар тупи 2 дан 16 кг гача ёкигектаридан 50 ц гача ҳосил беради.
Ирғай– дашт поясининг юқори қисмида, шунингдек сийрак ўсадиган ёнғоқ ва олма ўрмонларида майда дарахт тарзида учрайди. Унча ер танламайди. Бўйи 2 м га етадиган тикансиз, шарсимон қизил мевали
бута ўсимликдир. Мевалари унча ейишга яроқсиз, сентябрь-октябрда пишади. Бу хил ўсимликлар боғларни ҳимоя қилиш учун яшил девор тариқасида ўстирилади.
Туғдона – якка-якка ҳолда ёки кичикроқ тўдалар ҳосил қилиб ўсади,  лекин камдан-кам учрайди. У чўл поясининг юқориги ювилган қисмларидан тортиб то баланд – денгиз сатҳидан 500-1900 м гача бўлган
тошлоқ қуруқ ёнбағирларда, аксари қоялар ҳимоясида кичик бута ёки пакана дарахтча ҳолида ўсади. Қурғоқчиликка жуда чидамли дарахт турларидан бири. Ёғочлиги жуда тиниқ, қаттиқ бўлиб, эгилмайди,
ниҳоятда яхши пардозланади. Уруғидан ва илдиз бачкиларидан кўпаяди.
Резавор – меваси сарғиш-қизилроқ, юмалоқ шаклда бўлади. Мева эти қуруқроқ, ширин бўлиб, янгилигича истеъмол қилинади ёки ундан хамир қилинади(меваси данаги билан бирга қориштирилади). Меваси сентябрда пишади.

Наъматак
– Ўзбекистоннинг тоғ ёнбағирларида ва тоғли ҳудудларда кенг тарқалган, 1-2 м бўй бериб тиканли бута ҳолида ўсади. Мевалари юмалоқ ёки чўзиқроқ, қизил рангли ёки тўқ сариқ бўлади; таркибида С
витамини ва бошқа хил витаминлар кўп бўлади. Улардан асосан С витамини олиш учун фойдаланилади, чунки таркибидаги бу хил витамин 2500-4000 мг% га боради. Янги мевалари қуритилади ва сўнгра қайта
ишланади.
Ёввойи ҳолда ўсадиган мева дарахтларининг ҳосилдорлиги унча юқори бўлмайди. Сабаби – шундай мевазорларда моллар тартибсиз ўтлатилади, улар ўсимликларни ва уларнинг уруғ кўчатларини
шикастлайди, табиий мевазорлар яхшилаб парвариш қилинмайди,  уларнинг меваларини ҳайвонлар ва қушлар еб кетади.