Қўзиларни сунъий озиқлантириш

Кўпчилик ҳолатда биринчи йил туққан ёш қўйлар ўз қўзиларини тан олмасдан, эмизмай қўяди. Қўзисини яқинига келтирмайди. Сузиб ҳайдайди. Камдан кам ҳолларда қўзисини қабул қилдириш мумкин. Лекин аксарият ҳолларда қатъиян қўзисини тан олмайди. Бу ҳолатдан чиқиш учун уларнинг қўзилари бошқа серсут совлиқларга бириктирилади. Сурувдаги совлиқларнинг яна бир қисми камсут бўлиши ва ўз қўзиларини сут билан етарлича таъминлай олмайдиган бўлиши мумкин. Агар уларнинг қўзиларини бошқа эмизикли
қўйларга бириктиришнинг иложи бўлмаса, уларга сигир сути бериб ўстирилиши лозим.Ҳозирги даврда қўйчилик хўжаликлари қўйларни жами кўрсаткичлар бўйича саралаш ва хиллаш йўли билан урчитиб
келмоқда ва 2–3 қўзини сут билан таъминлай олади. Шунинг учун эгизак қўзиларни сунъий усулда озиқлантириш зарурияти кам учрайди.
Романов зот қўйлар (пўстинбоп тери берувчи зот) 3–4 ва ундан ҳам кўп қўзи туғади. Совлиқларнинг сути
2–3 қўзини ўстириш учун етарли. Аммо қўзилари 4–5 та бўлса, қолганларини сунъий усулда ўстириш керак бўлади. Бунинг учун ҳар бир қўзига 18–20 кг миқдорида сигир сути сарфланади. Қўзилар 2–3 ҳафтагача сигир сути билан боқилиб, сўнгра сут аста-секин сули дони ва кунжарани қайнатиб тайёрланган қайнатма шарбат билан алмаштирилади ва уларга 1,5–2 ойлик бўлгандан кейин сут берилмаслиги
ҳам мумкин.  Шарбат тайёрлаш учун ҳар бир қўзига 40 г ҳисобидан сули ва 20 г кунжара олинади. Сулининг устига қайноқ сув қуйилади ва қайнатиб пиширилади. Пишиб етилгач, шарбати сузиб олинади. Кунжарани 1–2 соат қайнатилиб, сўнгра унинг ҳам шарбати сузиб олинади ва аралаштирилади. Шарбат ҳар бир қўзига кунига 300 г дан ичкизилади. Қўзилар 2 ойлик бўлгандан кейин ҳар бир қўзи ҳисобига 20 г сули, 100 г кунжара олиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, қўзиларга кунига 25 г дан сули ёрмаси ва кепак бериб турилади.
Қўзиларнинг витаминларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида беда пичани шарбати тайёрланади.
Шарбат тайёрлаш учун ҳар бош қўзи ҳисобига 1 кг юқори сифатли беда пичани олиниб, устига 6 л ҳисобидан
80° иссиқликдаги қайнатилган сув қуйилади ва бир кун давомида усти беркитилган ҳолда бўктириб қўйилади. Бир кундан сўнг унинг шарбати сузиб олиниб, 80–85°  иссиқликда 5–10 минут давомида пастеризатсия қилинади ва ҳарорати 36–37° иссиқлик даражасида бўлганича совитилиб, сўнгра ҳар бир қўзига кунига 300 г дан то 500 г гача ичкизилади. Қўзиларни сунъий усул билан ўстиришда шарбатлар махсус тайёрланган эмизгичлар ёрдамида ичкизилади. Ҳозир уларнинг ПКО-2, ПКО-4, ГАО-4, АГК-4, ПБО-1 русумли хиллари ишлаб чиқарилган ва қўйчилик хўжаликларида фойдаланишга берилган.
Пўстинбоп, майин ва ярим майин жун берувчи қўй зотларини урчитишда қўзиларни сунъий усул билан боқиб ўстириш тизими яхши йўлга қўйилган. Пўстинбоп зот қўйчиликда туғилган қўзиларнинг 40% и, майин ва ярим майин жун берадиган зот қўйчиликда 20% қўзи қўлда боқиб ўстирилади. Айни ҳолда қўзиларга махсус рецепт асосида тайёрланган сут ичириб боқилади. Сунъий боқишга ўтказиладиган қўзилар 2–3 кунликкача ўз онасининг олдида бўлади. Онасининг оғиз сутидан эмади. Сўнгра онадан ажратиб сунъий сут бериб ўстирилади. Қўзи 15 кунлик бўлганига қадар сунъий тайёрланган қўй сути таркибида 96,2% қаймоғи олинмаган сигир сути, 3% қаймоғи олинган сут, 0,3% кунгабоқар мойи, 0,5% балиқ мойидан иборат бўлиб, тўйимлилиги 0,44 озиқ бирлиги, 42,6 г протеинга тенг келади. Қўзи 16 дан 75 кунлигигача сунъий сут таркибида 96% қаймоғи олинган сут, 0,3% кунгабоқар мойи, 0,5–1,0% балиқ мойи бўлади. Тўйимлилиги 0,4 озиқ бирлиги, 32,7 г протеин сақлайди. 75 дан 90 кунликкача бўлган ёшда 98,7% қаймоғи олинган сут, 0,3% кунгабоқар мойи, 1,0% балиқ мойидан иборат сунъий сут берилади. Сут тўйимлилиги 0,23 озиқ бирлиги ва 30,6 г протеин сақлаши мумкин
.

 

 Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт