Яқин орада товуқ гўшти ҳам қимматлашиши мумкин. Чунки паррандачиликда муаммолар кўп…

Яқин орада товуқ гўшти ҳам қимматлашиши мумкин. Чунки паррандачиликда муаммолар кўп...

“Ишонч“ газетаси мухбири Зебо Намозованинг “Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак“ номли мақоласида паррандачилик саноати учун қимматга тушаётган “дон-сув” муаммоларига жавоб изланган:

Ҳозир бозорда гўшт нархи ошиб кетди. Уч-тўрт киши йиғилган жойда, қолаверса, ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу муҳокама марказида. Тўғри-да, халқимиз гўштни хуш кўриб истеъмол қилади. (Ҳар ҳолда вегетариан эмасмиз).
Маълумотларга кўра, аҳоли рационида мол ва қўй гўшти камайган. Парранда, хусусан, товуқ гўшти кўпайган.

– Бир йилда инсон ўртача 50 кг. гўшт маҳсулотлари (мол – 18,9 кг, қўй – 9,1, балиқ – 7,1кг. ва товуқ – 14,8 кг. гўшти) истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ, – дейди ветеринар-шифокор Абдулҳамид Мавлонов. – Агар мол ва қўй гўшти истеъмоли кам бўлса, организмнинг эҳтиёжини таъминлаш учун балиқ ва парранда гўшти истеъмолини кўпайтириш лозим. Айни пайтда А ва В гуруҳ витаминларига бой товуқ гўшти юртимизда аҳоли жон бошига 6-7 кг.дан тўғри келаётганини кўрсатмоқда.
Хўш, рационда белгиланган миқдордаги товуқ гўштини етказиб бериш ва соҳа ривожи учун қандай тўсиқлар мавжуд?

ГЕНЕТИК МОНОПОЛИЯ ВА ҚАРАМЛИК

– Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам товуқ гўшти ва тухум етиштириш етакчи тармоқлардан бирига айланмоқда, – дейди “Паррандасаноат” уюшмасининг паррандачиликда ветеринария хизмати ва илмий муассасалар билан ишлаш бош­қармаси бошлиғи Ҳакимжон Нормуҳамедов. – Бироқ соҳада асосий зотли паррандалар юртимизга генетик инженерияси ривожланган йирик импортёр мамлакатлар – АҚШ, Голландия, Германия, Буюк Британия, Венгрия ва Россия каби давлатлардан келтирилади. Яъни бу давлатлар товуқнинг маҳсулдорликка жавоб берувчи генини ўзгартириш орқали парранда маҳсулдорлигини бир неча баробар оширишга эришган бўлиб, ўзларида наслли бройлер товуқларининг биринчи авлодини яратиб, иккинчи ­наслли ота-она авлодини хорижга экспорт қилишади. Мамлакатимизга келган иккинчи наслли ота-она авлод жўжаларини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, юқори зооветеринария талаблари, гигиеник тозалик ва меъёрларига амал қилинган ҳолда парваришлангач, бир бош бройлер товуғидан йилига 120 донагача брой­лер жўжаси олиш мумкин. Фермерларимизга фойда келтирадиган ана шу иккинчи наслли ота-она авлод ва учинчи бройлер жўжалари бўлиб, улар 38-42 кун ичида 2 кг.гача тирик вазн йиғади.

Аммо учинчи авлод товуқларининг тухумидан очилган жўжалар бундай наслли хусусиятларини сақлаб қололмайди, уларнинг тухумини ейиш мумкин, бироқ озуқага нисбатан берадиган гўшти ўзини оқламайди. Натижада, яна хориждан иккинчи наслли ота-она авлод брой­лерлари келтирилади. Кўриниб турибдики, мамлакатимизда паррандачилик саноати ривожи ва фаолияти мунтазам равишда хориждан келтириладиган наслли товуқлар, озуқа емлари ва озуқавий компонентлар импортига муҳтож. 


Наслли товуқларни етиштириш генетик технологияси ривожланган давлатлар бу борадаги илмий тадқиқотлар ва амалий ишларга миллиардлаб пул маблағлари сарфлашган. Эндиликда эса унинг ортидан катта фойда кўришмоқда. Мазкур давлатларнинг генетик компаниялари дунёда ўз монополиясини ўрнатган. Улар ҳеч қачон генетик технологияси сирларини очишмайди ва сотишмайди. Бизда ҳам бундай генетик технология устида ишланиши учун жуда катта маб­лағ ва кадрлар керак бўлади. Умид қиламизки, келгусида мамлакатимизда ҳам бу борада яхши натижаларга эришилади.

400 ХАВФ-ХАТАР ҚАРШИСИДА 


Мамлакатимизда оммабоп тарзда тухум йўналишида Ломанн (Германия), Декалб (Нидерландия), Хай-лайн (АҚШ) зотлари, гўшт йўналишида (бройлер) эса Росс – 308 (Буюк Британия), Кобб – 500 (АҚШ) зотлари кенг тарқалган.

Улар Ўзбекистонга келтирилгач, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан боқиб парваришланади. Бироқ товуқ жуда нозик жонзот бўлганлиги боис, салгина нотўғри озиқлантириш, мўътадил бўлмаган об-ҳаво шароити ёки нотўғри зооветеринария гигиенаси ҳам уларнинг қирилиб кетишига, инфекциялар билан касалланишига олиб келади. Товуқ учун иқлим, озуқа ва гигиеник жиҳатдан атрофда 400 хилдан зиёд хавф-хатар соя солиб туради. Ана шу хавфлардан сақлаш учун уларнинг озуқалари витаминларга бой, пробиотик ва пребиотик қўшимчалар билан бойитилган бўлиши лозим. Товуқларни касаллик­лардан асраш учун антибиотиклар, вакциналар ишлатилади.

– Юртимизда кейинги пайтларда бу борада ҳам изланишлар, тадқиқотлар олиб борилиб, яхши натижаларга эришилмоқда, – ­дейди ветеринар-шифокор Абдулҳамид Мавлонов. – Хусусан, паррандаларни антибиотикларсиз, бойитилган озуқалар билан парвариш қилиш орқали тўла-тўкис соғлом, сифатли гўшт олишга эришилмоқда. Мисол учун “Yik Оta em” МЧЖда ана шундай ем ва озуқа маҳсулотлари тайёрланмоқда.

БИРЖА САВДОСИДАГИ МУАММОЛАР 


Товуқчилик билан шуғулланаётган фермерлар ва паррандасаноат уюшмаси вакиллари билан суҳбатлашганимизда шу нарса маълум бўлдики, республикамизга товуқлар озуқасининг 80-90 фоизи хориждан келтирилади. Демак, таннархи қиммат.
“Паррандасаноат” уюшмаси томонидан паррандачилик хўжаликларининг белгиланган тартибда дон маҳсулотлари сотиб олиш бўйича биржа савдоларида иштирок этиши таъминланган. Бироқ шу кеча-кундузда Рес­публика товар ва хомашё биржаси орқали паррандачиликдаги асосий озуқа буғдой маҳсулотини сотиб олаётган фермерлар спирт маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар билан биргаликда харидор сифатида талабнома киритаётганлиги боис буғдойни қиммат нархда сотиб олмоқда. Айни пайтда буғдой мавсумида биржа орқали 1 кг. буғдой 1 500 сўмга харид қилинаётган бўлса, мавсумга қадар 2 100 сўмдан сотиб олинганди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу пайтлари буғдойга паррандачилик фермалари алоҳида, спирт маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар алоҳида талабнома киритганлиги боис, 1 кг. буғдой нархи биржа орқали 900 сўм атрофида сотиб олинарди.

ҚИСҚАРАЁТГАН ФИРМАЛАР ВА ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛАЁТГАН ТАКЛИФ 

Айни вақтда республикамизнинг турли вилоят ва туманларида фермерлар буғдой таннархи ва харажатларида муаммога учраб, фаолиятини қисқартирмоқда. Масалан, Самарқанд вилоятидаги “Амонбобо” товуқчилик фермер хўжалиги фаолиятини тўхтатган бўлса, “Самарқанд парранда” масъулияти чекланган жамиятида паррандалар озуқа тақчиллигидан қисқаришга учрамоқда. Озуқани хориждан олиб келиш мумкин. Аммо уларнинг нархи мамлакатимиз вилоятларигача етказиб келиш йўлкира харажатлари ҳисобига, кўрадиган фойдадан ошиб кетмоқда. Натижада товуқлар сўйиб юборилмоқда. Бундан олдин ҳам Қибрай туманидаги йирик паррандачилик хўжалиги шу каби қатор муаммолар туфайли ўз фаолиятини тўхтатган эди. Бундай ҳолатларни ҳар бир вилоят мисолида айтишимиз мумкин.
– 2017 йилда фермамизда 250 мингта тухум етиштиришга ихтисос­лашган “Декалб” зотли товуқлари бўлган бўлса, бугунги кунга келиб улар 150 мингтага қисқарди, – дей­ди Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги “Сардор Баҳром зоо” фермер хўжалиги бош мутахассиси Баҳромжон Иномов. –Сабаби, озуқа маҳсулотларининг таннархи қиммат бўлиб, 2017 йилда фермамиз зарар билан чиқди. Паррандачилик ривожи учун олинган банк кредитини қайтариш муаммога айланган.

Шу соҳада кўп йилдан бери ишлаётган мутахассис сифатида бизни ва кўпчилик фермерларни қийнаётган муаммолардан бири, бу темир йўллар тизимидаги нарх-наволардир. Фермамизга Болтиқбўйи давлатларидан озуқа олиб келамиз. Одатда товуқчиликда хориждан буғдойнинг озуқабоп 4-синф навини олиб келишда 35 фоизли чегирма бор. Қолган озуқа емларини олиб келишда эса чегирмалар йўқ. Масалан, Беларусь, Россия ва Қозоғистон орқали Ўзбекистон чегарасигача тахминан 2000 км. масофани босиб ўтиб келадиган бир вагон парранда еми учун 13 миллион сўм миқдорида йўлкира тўланади. (Бу тўловни харидорлар тўлашмайди, маҳсулотни сотаётган томон қоплайди). Келес чегара постидан Тошкентгача 5,5 миллион ёки Келес чегара постидан Наманган вилоятигача эса 11,5 миллион сўм йўл ҳақини эса биз харидорлар ўзимиз тўлаймиз. Бу нарх, албатта, қимматлик қилади, чунки хориждан келтирилган маҳсулотга ҳам тўлов қилишимизни инобатга олсангиз, бу жуда катта маблағга айланади. Қолаверса, парранда озуқаси фақат буғдойдан иборат эмас. Беларусдан чегарамизгача келадиган вагон харажатига нисбатан, Ўзбекистоннинг ичидаги масофа ва харажатни солиштирганимизда эса икки баробар эмас, уч-тўрт баробар катта тафовут юзага келади. 

Тадбиркорликка кенг йўл берилаётгани ҳақида фахр билан гапирилаётган бир пайтда нега “Ўзбекис­тон темир йўллари” АЖ томонидан белгиланган бундай нархлар қайта кўриб чиқилмаяпти?

Республика “Паррандасаноат” уюшмаси соҳа ривожига катта тўсиқ бўлиб турган бу каби муаммоларга ечим сўраб, тегишли ташкилотларга таклифлар билан чиққан, аммо негадир, бу таклифлар шу кунга қадар ­эътиборсиз қолдирилмоқда.
Халқимиз товуққа “Етти хазинанинг бири” дея таъриф берган. Рўзғорнинг бир томонини кўтариб келган паррандачилик бугун саноат миқёсида ривожланиб, эл фаровонлигини таъминлашда муҳим тармоққа айланмоқда. Шундай пайтда эса халқимизнинг яна бир нақли ёдга тушади: бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак. Бугун ана шу “дон-у сув” қимматга тушмоқда.

Бу ҳолатларга мутасаддилар нима деркин? Бу бугун кўплаб тадбиркор ва фермерларни қизиқтираётган саволлардан биридир.