Ерёнғоқ етиштириш

Картинки по запросу yeryong'oq    Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Қибрай–4, Лидер, Мумтоз, Саломат ва Тошкент–112.

Ерёнғоқ уруғлигини танлаш ва экишга тайёрлаш. Қибрай–4, Лидер, Мумтоз навларида дуккагида иккита донли, Саломат ва Тошкент–112 навларида эса,   2–3 йирик донли бўлган, пўстлоғи қораймаган ва механик зарарланмаган ерёнғоқлар танлаб олинади. Уруғлик ерёнғоқлар қўл меҳнати ёрдамида чақиб экишга тайёрланади. Қобиғидан ажратиб олинган ерёнғоқлар уруғ пўстлоғи ёрилган, майда ва тўла шаклланмаган уруғлардан тозаланади. Тайёр бўлган уруғликлар 10–15 килограммлик мато қопларда экиш вақтигача қуруқ ва салқин хоналарда (қоплар ётқизилган ҳолатда) сақланади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерёнғоқ экиладиган майдон кузда фосфорли ва калийли ўғитлар берилиб 25–30 см чуқурликда шудгор қилинади. Баҳорда ер тобига келганда юмшатилади, текисланади. Текисланган майдонда майин тупроқ ҳосил бўлгач 70 см кенгликда жўяклар олинади. Кесакли ва нотекис ерларга экиш тавсия этилмайди, акс ҳолда уруғлар бир текисда, бир вақтда тўла униб чиқмайди. Туп сони 25–30 фоизга камаяди.

Экиш муддати. Республикамизнинг жанубий ҳудудларида апрель ойининг биринчи-иккинчи, марказий минтақада жойлашган ҳудудларида эса, апрельнинг учинчи ва май ойининг биринчи ўн кунлигида экиш тавсия этилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Уруғларнинг йириклигига боғлиқ ҳолда Қибрай–4 ва Лидер навларини 10 сотихга 10–11 кг, Мумтоз навини 9 кг, Саломат ва Тошкент–112 навларини 7,5–8 кг. дан 70х10 ва 70х15 см кўчат қалинлигида экиш тавсия этилади.

Парваришлаш. Ерёнғоқ кўчатлари тўла униб чиққандан кейин қатор аралари юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади. Ўсимликларнинг барги тўқ яшил рангга киргандан кейин биринчи озиқлантирилади ва суғорилади. Ерёнғоқ фосфорли ўғитларга талабчан бўлганлиги учун жўяклар олишдан олдин 10 сотихга 30 кг аммофос, биринчи сув билан эса 10–15 кг. дан азотли ўғитлар бериш тавсия этилади. Ерёнғоқнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун экин қатор ораларини юмшатиш, ўсув даврининг дастлабки босқичларида тупроқ ҳароратини кўтариш, ҳаво алмашувини яхшилаш ва бегона ўтларни йўқотиш жуда ҳам муҳимдир. Иккинчи озиқлантириш эса, ўсимлик тўла гулга киргандан кейин ўтказилади ва 10 сотихга 20–30 кг. дан азотли ўғит берилади.

Ерёнғоққа органик ўғитлар бериш тавсия этилмайди. Органик ўғитларни ўтмишдош ўсимликларга бериш ижобий натижа беради.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Юртимиз шароитида дуккакларининг пишиб етилиш олдидан қорайиб кетиши кузатилади. Бу касалликка суғориш тартибининг бузилиши, яъни кўллатиб суғориш ва меъёрдан ортиқча сув бериш сабаб бўлади.

Ҳосилни йиғиб олиш. Ерёнғоқ ҳосилини иссиқ ва қуруқ кунларда йиғиб олиш тавсия этилади. Бу муддат сентябрьнинг охири октябрь ойининг бошларига тўғри келади. Ҳосил пишиб етилганда ўсимлик барглари сарғаяди. Уруғлари етилганда ёнғоқ қобиғи тўрланади. Қобиқнинг ички томони қораяди. Ўзбекистон иқлим шароитида ҳосилни сентябрь охирларида ва октябрь ойи бошларида йиғилганда очиқ далада поясидан ажратилмаган ҳолда бир неча кун давомида ушлаб турилса, уруғ таркибидаги намлик тез камаяди ҳамда бу вақт ичида гинофорлар қуриб ёнғоқлардан осон ажралади. Ҳосил йиғиб олинганда ёнғоқлар таркибидаги намлик 35–60% бўлиб, шабада айланадиган биноларда 8–10 сантиметр қалинликда ёйиб қуритиш ва вақти-вақти билан жойида айлантириб, аралаштириб туриш тавсия этилади.

Ерёнғоқ поялари жодида майдаланади, илимилиқ сувда ивитилади ва кепакка аралаштирилиб молларга берилади. Поялардан силос тайёрлаш ҳам мумкин.

Манба: mehnat.uz