Қарор таҳлили: Ёшларда фермер хўжалиги рахбари бўлиш имконияти янада ортди

2017 йилнинг 9 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-5199-сон Фармониқабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 26 декабрида Вазирлар махкамасининг “Ўзбекистон Республикаси хукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 1021-сонлиқарори қабул қилинди.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши республикамиздаги фермерликка қизиққан ёшларни ушбу қарор билан таништириш ҳамда қарор ёшларга нима беради, қандай енгилликлар яратади? – деган оддий саволни таҳлил қилиб, ёшларга етказишни мақсад қилди.

Қарорга кўра, энди “Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар, шунингдек, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқаролар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар.” деб белгиланди.

Бу нима дегани? Ушбу саволга жавоб бериш, яхшироқ тушиниш учун қарорнинг ўзгартириш киритилишидан аввалги вариантини кўриб чиқамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг «2004–2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги(2003 йил 30 октябрдаги 476-сон  Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 10-сон, 105-модда)қарорига кўра фермер хўжаликлари томонидан ер участкалари ижарага олинишида мазкур қишлоқ хўжалиги кооперативи, корхона ва ташкилот ҳудудида яшовчи шахслар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар, деб белгиланган эди.

Унга кўра фақатгина ер майдони жойлашган қишлоқ хўжалиги кооперативи, корхона ва ташкилот ҳудудида яшовчи шахсларер эгалиги учун бўладиган тендерда устунликка эга бўлар эди. Яъни, ушбу бандда эътибор ёшларга эмас, айнан ер майдони ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолига қаратилган.

Эндиликда эса,Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёшлар ҳам, ер эгалиги учун бўладиган тендерда баллар тенг келиб қолган ҳар қандай вазиятда устунликка эга бўладилар.

Ушбу таҳлилдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, энди ёшлар ташкилотининг берадиган тавсияси билан ёшларимиз фермер хўжалиги ташкил қилиш ва уни юритиш бўйича ҳам катта имтиёзга бўлдилар.

Ёш фермерлар кенгаши раиси С.Қулмирзаевнинг айтишича, ёш фермер ва соҳага  қизиқувчи ёшлар фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзлар бериш ташаббуси давом этади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб,Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратишда қишлоқ хўжалиги ва фермерлик соҳаси бўйича мутахассисликка эга бўлган ёшларга янада кенг имтиёзлар жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

И.Сафаров Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши

матбуот котиби

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт