Жийда қаерда ўсади?

Картинки по запросу jiyda

Шарқ жийдаси — жийдагуллилар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 3-4 метргача етади. Танаси қизғиш-кулранг, ёш новдачалари ва барги кумуш-оқ рангли, қалин ва қаттиқ, киприксимон тангачалар билан қопланган. Барги наштарсимон ёки эллипссимон, ўткир учли, шохчаларда банди билан кетма-кет жойлашган. Новдаларнинг учи кўпинча тиканли бўлади. Ўсимлик май ойида гуллайди. Гуллари кўримсиз, кумушсимон, жуда ёқимли ҳидга эга. Меваси сентябр-октябр ойларида пишиб етилади. Меваси сариқ, олтинсимон, чўзиқ-думалоқ данакли. Жийда мевалари серхосиятлилиги билан машҳур. Меваси таркибида 40-65 фоиз қанд, 11 фоиз оқсил, клетчатка, ёғ, ошловчи моддалар, органик кислоталар мавжуд. Бундан ташқари жийданинг “гўштли” қисмида калий ва фосфорли тузлар, витаминлардан В1 В2, РР, Э бор.

Халқ табобатида жийда меваси ёки унинг дамламаси болаларда учрайдиган ич кетишга қарши яхши даво ҳисобланади. Дамлама нафас йўллари шамоллаганда ҳам тавсия қилинади. Бундай қайнатмалар ошқозон-ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Жийдадан қайнатма тайёрлаш учун, бирор оғзи ёпиладиган идишга бир ярим литр сув қуйиб, мевадан 50 грамм солинади ва бироз қайнатиб, бир соат мобайнида қўйиб қўйилади. Сўнгра докада сузиладида, қайнатма шарбатидан кунига овқатдан кейин 2-4 маҳал 2 ош қошиқдан ичилади.
Ўсимлик мевалари сервитамин бўлганлиги туфайли илмий медитсинада камқонликда, тери қазғоқланишида, бўй ўсмаслигида истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек жийда мевалари организмда туз-сув мутаносиблигини сақлаш учун, одамни фикрлаш қобилиятини ошириш учун ҳам истеъмол қилиниши лозим.

Жийда озиқ-овқат саноатида ҳам кенг ишлатилади. Ундан кисел ва татимли шарбатлар (компот) тайёрлаш мумкин. Шарқ жийдасининг қуруқ мевалари туюлиб ун олинади, уни нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиб истеъмол қилиш мумкин.
Дарахт ёғочи мустаҳкам, қаттиқ бўлганлиги туфайли ундан қурилиш материали сифатида ҳам фойдаланилади.

Жийда дарахтининг елими камёб ҳисобланувчи араб елимининг (гуммиарабик) ўрнини боса олади. У тўқимачилик саноатида ишлатилади. Дарахт пўстлоғи ва баргларидан тери ошлашда фойдаланилади. Фармацевтикада эса жийда елими асосида махсус эмулсияли дорилар тайёрлаш мумкин.

Жийда ёруғсевар ўсимлик бўлганлиги туфайли Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда яхши ўсади ва ҳосилга беради. Табиатшунос олимларнинг фикрига кўра, тупроқ-иқлим шароитидан қатъий назар, жийдани Ўрта Осиёнинг кўпгина янги ўзлаштирилаётган лалмикор, шўр тупроқли, сизот сувли ерларида ўстириш мумкин.

Шуни айтиш керакки, жийда жуда беор ўсимлик бўлиб, уни данаги, қаламчаси ёрдамида кўпайтириш мумкин. Ўсимлик 3-4 йилда ҳосилга киради. Жийдадан иҳота сифатида, тупроқ эрозиясига қарши фойдаланиш мумкин. Унинг илдизида азот элементини тўпловчи туганак бактериялар (актиномитсет) мавжуд бўлганлиги туфайли, тупроқни озиқабоп минерал билан таъминлашга ёрдам беради. Шунинг билан бир қаторда жийда гуллари асаларилар учун яхши озиқ ҳамдир. Шарқ жийдаси. Ўрта Осийода тарқалган. Қурғоқчиликка чидамли бўлиб, қаттиқ совуқдан (совуқ -25°C даражадан паст бўлганда) зарарланиши мумкин.

Энсиз баргли жийда. У ёввойи ҳолда Ўрта Осиё дарёларининг бўйларида, ўрмонларда, тоғли ва ер ости сувлари ер бетига яқин жойлашган шўрхок тупроқли ерларда тарқалган. Дарахтининг бўйи 8-10 м га етиши мумкин.

Кумушсимон жийда. Бу жийданинг бўйи 2,5 метргача боради, меваси майда, истеъмолга яроқли.
Нон жийда. Дарахти нисбатан паст бўйли бўлиб, нам жойларда ўсади.
Қизил жийда. Републикамизда кенг тарқалган бўлиб, меваси ширин, серет.