Жўжаларни инкубаторлардан паррандахоналарга ўтказиш

Картинки по запросу chick

Жўжаларни паррандахоналарга ўтказишдан олдин, уларнинг соғлом ва тетик ҳолатда эканлигига амин бўлишимиз лозим. Жўжаларни келтиришдан олдин паррандахоналар ёз мавсумида 24 соат, қиш мавсумида 48 соат истишга қўйилади. Паррандахона бўйича ем ва сувнинг тақсимланиши: жўжаларни жойлаштириш вақтида сувнинг ҳарорати хона ҳароратидай бўлиши учун жўжаларни келтиришдан маълум вақт олдин сувдонларда жўжахонага бир маромда қўйилади, жўжалар жойлаштирилгандан сўнг омухта емлар (бошланғич) тарқатилади. Катакларда боқиладиган жўжалар учун катакларни тайёрлаган заводнинг йўриқномасига асосан катакларнинг  поли ва сим тўрлари созланади.

Жўжаларни жойлаштириш олдидан қафасларнинг пастки қисмига 20х30 см ўлчамдаги беш варақ қоғоз устма -уст қилиб тўшалади. Инкубатордан чиқарилган жўжалар 6 соат ичида қафасларга қуйидаги зичлик меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда жойлаштирилади: 1-3 ҳафталик ёшдагилар 350 см²/бош, 3-16 хафталик ёшдагилар 450 см²/бош, 16 ҳафта ва ундан катта ёшдагилар 500см²/бош.

Жойлаштириш зичлиги меъёрларга амал қилингандагина, жўжаларнинг озиқланиши ва сув ичишига етарли шароит яратилган бўлади. Жойлаштириш зичлиги оширганида паррандалар маҳсулдорлиги пасаяди, камайтирилганда эса ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самараси тушиб кетади.

Сувдон ҳамда емдонларнинг атрофига тез ва чаққонлик билан жўжалар жойлаштирилади. Катакларга  жойлаштиришда хонани охиридан бошлаб ҳамма катакларга бош сони бир хил миқдорда тақсимланади. Жўжалар паррандахонага жойлаштириб бўлингач, бир неча соат ўтгандан сўнг уларнинг янги жойга мослашиб олганлиги кўздан кечириб чиқилади.

Жўжаларнинг шу вақтдаги ҳолати асосий кўрсаткич ҳисобланади. Жўжалар бир текис тарқалган ва бемалол ҳаракат қилаётган бўлса, демак, хона ҳарорати ва хонани шамоллатиш (вентилация) меъёрда бўлади.

Жўжалар бир жойга тўпланишиб, ғунажак бўлиб туришган ёки хонанинг бир жойидан ўзларини олиб қочиришаётган бўлса, демак, хона ҳарорати паст ёки елвизак пайдо бўлган бўлади.

Жўжалар полда чўзилиб ётиб, тумшуғини очиб харсиллаб нафас олаётган бўлса, демак, хона ҳарорати жуда исиб кетган бўлади.

Жўжаларни ўстиришнинг дастлабки кунларида барча кирувчи ва чиқувчи шамоллатиш мосламалари (дарчалари) беркитилади, шамоллатгичлар ишлатилмайди. Бино ичи ҳарорати ва ҳавоси сифатига қараб шамоллатгичлар аста – секин ишлатила бошлайди, бунда бино ҳарорати ўта совиб кетмаслиги, елвизак бўлмаслиги талаб этилади. Жўжаларга берилаётган озуқа ва  сув ҳарорати бино ичи ҳавоси ҳарорати даражасида бўлиши керак.

Мабодо жўжаларнинг сув ичмаётганлиги кузатилса, унда қафаснинг ҳар бир бўлмасидан 2-3 бошдан жўжа олиб, вакуум суғоргичдаги сувга тумшуғи ботирилгач, дарҳол сув ичишни бошлашади, қолганлари эса уларга тақлид қилишади. Жўжалар биринчи бор суғорилганидан сўнг, ерга тўшалган қоғоз устига кўпига билан 1 см қалинликда озуқа сепилади. Тўшалган қоғоз ҳар куни бир варақдан камайтирилиб борилади.

Ўстиришнинг дастлабки кунларида авто суғорилганнинг лиқ тўла бўлишини таъминлаш лозим. Жўжалар суғориларга ўрганларидан кейин ундаги сув сатҳи камайтирилади. Суғорилгач доимо тоза бўлиши керак.

Сувнинг ҳарорати қанча бўлиши кераклиги қуйидаги жадвалда кўрсатиган:

Жўжа ёши (кун) Сув ҳарорати (°С)
1-3 31-33
4-7 28-30
8-14 26-28
15-21 24-26
22-28 22-24
Ўстиришнинг очиригача 18-20

Жўжаларга берилган совуқ сув ошқозон-ичак йўлида туриб қолади, чунки сув иссиқлиги организмни ҳарорати даражасига кўтарилмагунча модда алмашиш жараёнларида иштирок эта олмайди. Бу сувнинг исиши учун жўжа организми ўз иссиқлик балансидан қўшимча иссиқлик ажратишга мажбур бўлади. Бу эса жўжалар вазнининг ортишига ҳалақит бериб, шамоллашга олиб келади.

Хаётининг биринчи кунлариданоқ жўжаларни муҳитнинг ноқулай шароитлари (стресс омиллари ) таъсиридан асраш лозим, чунки бу уларнинг ўсишини секинлаштиради, организм чидамлигини пасайтиради. Қафасли батареянинг барча қисмларида бир хил микроиқлим (микроклимат) яратишнинг иложи бўлмаган тақдирда бир кунлик жўжаларни қафаснинг ўрта ва юқори қаватларига, 3 хафталик бўлганидан кейин эса барча қаватлар бўйича текис жойлаштирилади, яъни ўртадан паст вазнли жўжалар пастки қаватга, ўрта вазнлилари ўрта қаватга, ўртадан юқори вазнлилари юқорига қаватги жойлаштирилади.

Дастлабки 2 ҳафта давомида жўжаларга қуруқ озуқа кунига 6 марта, 2-8 ҳафталигида 4 марта, 8 ҳафталигидан то ўсиш даврининг охиригача 3 мартадан берилади. Жўжаларга қанччалик эрта сув ва озуқа берилса, қолдиқ тухум сариғи ўшанчалик тез сўрилади, жўжаларнинг омон сақланиш миқдори ошади, ўсиши ва ривожланиши яхшиланади, фойдаланиш яроқли жўжалар салмоғи кўпаяди.

Жўжаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланишини назорат қилиш мақсадида уларнинг вазни вақти – вақти билан тарозларда 5гр.гача аниқланади ўлчаб турилади, уларни пат ўсиши, ёши бўйича туллаш даражаси, умумий ҳолати бўйича баҳоланади. 6,10 ва 14 ҳафталигидан вазн ўлчами натижаларига қараб жўжалар галасининг бир текис ўсганлиги аниқланади. бир хил йирикликда бўлган жўжаларни асраш осонлиги, маҳсулдорлиги анча юқори бўлишлиги, пўстлоғи мустахкам бўлган тухум бериш ҳислатига эга бўлишлигини унутмаслик керак.

Галадаги жўжалар гавдаси бирдек текис бўлмаслиги, яъни ҳар хил йирикликда бўлиши, уларнинг дастлабки кунларида бино ичи ҳароратининг ўта юқори ёки ўта паст бўлиши, тумшуғининг чала қирқилиши, ҳар хил ёшли паррандаларнинг бир жойда сақланиши, озуқа тарқатишнинг ноқулай тизими, қафасларда бир хил зичликни мавжуд эмаслиги, касаликка чалиниш, тўлиқ озиқланмаслик ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Жўжаларнинг озуқа ва сув истеъмоли, ахлатнинг кўриниши ҳар куни ҳисобга олинади. Меъёрлардан кескин фарқ қилиш жўжаларни ўстириш шароитларининг бузилганлиги ёки касаликка чалинганлигидан дарак беради.

Жўжаларни парвариш қилиш учун зарур бўлган ускуналар 2-жадвал

Номи жўжалар ёши ҳафтада ҳисоби
Жўжалар учун сувдон 1 100 бошга 1 та сувдон (4-5л)
юмалоқ сувдон 20 тагача 125 бошга 1та сувдон (R-46см)
линияли сувдон 20тагача 100 бошга 1 пог.метр
Томчилик сувдон 20 тагача 6-8 бошга 1 та нипел
Жўжалар емдони 1-2 60бошга 1та емдон
Қирқма картон тара 1-2 100 бошга 1та емдон
Юмалоқ емдон 3-10 100 бошга 2 та емдон (R-40см)
Юмалоы емдон 11-20 100 бошга 3та емдон (R-40см)

Давоми кейинги мақолаларимизда…..

Маълумот кўчирилса манба: http://tadbirkor-fermer.uz деб кўрсатилиши шарт.

Бизни телеграм каналимизда ҳам кузатиб боринг!